Энди дунёдаги зилзила ва табиий офатларни ўзбек тилидаги веб-ресурсда кузатиш мумкин
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг талабаси Тоҳир Сайфуллаев дунёдаги сейсмик фаоллик ва табиий офатларни ўзбек тилида кузатиш имконини берувчи веб-сайт ишлаб чиқди.
Амалий математика ва интеллектуал технологиялар факультетининг сунъий интеллект йўналишида таҳсил олаётган талабанинг платформаси «Зилзила монитори: дунё зилзилалари бир харитада» деб номланади. У орқали турли минтақаларда содир бўлаётган зилзилалар, вулқон фаоллиги, ёнғинлар ва бўронларни ягона интерфаол харитада реал вақтга яқин режимда кузатиш мумкин.
Ресурс фақат мониторинг билан чекланмайди. Сайтда зилзила ва бошқа фавқулодда вазиятларда ўзини тутиш ҳамда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш бўйича амалий тавсиялар ва қўлланмалар ҳам жойлаштирилган.
Лойиҳа аҳолининг табиий офатлар ҳақидаги хабардорлигини ошириш, фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини кучайтиришга қаратилган.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА