Бугун, 26 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни.
Хавфсизликни таъминлаш, дунёда кечаётган мураккаб ва таҳликали вазиятда тинчликни асраш, халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашда мудофаа, ҳуқуқ-тартибот органлари билан бир қаторда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимларининг алоҳида ўрни бор.
Кўпинча улар кўзга яққол ташланмайди. Аммо энг қийин вазиятларда, қайноқ нуқталарда улар бор. Кимдир бу юртга ғараз ниятда қараса, осойишталикка путур етказмоқчи бўлса, улар биринчилардан бўлиб буни сезади ва бунга барҳам беради. Керак бўлса, кўксини қалқон қилади.
Бугун уларнинг касб байрами. 2021 йил 14 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун билан 26 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни, этиб белгиланди.
”Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунга кўра, ДХХнинг асосий вазифалари – Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ҳамда бошқа давлат манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилишдан, қонунийликни мустаҳкамлаш ва қонун устуворлигини таъминлашдан, шунингдек Давлат хавфсизлик хизматининг ваколатига киритилган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам беришдан иборат.
ДХХ – давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўз фаолиятини махсус воситалар, шакллар ва услублар билан амалга оширадиган махсус ваколатли давлат органидир.
ДХХ давлат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади. Ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлигини ва давлат манфаатлари ташқи ҳамда ички таҳдидлардан ҳимоя қилинишини таъминлайди. Мазкур соҳада қонунийлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлайди.
Айни пайтда соҳа ходимлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш бўйича фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига бўлган тажовузларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошираётир.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш, Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари ва мудофаа-саноат мажмуасини давлат хавфсизлигига бўладиган хавф-хатарлар ҳамда таҳдидлардан ҳимоя қилиш, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича стратегик ташаббусларни амалга оширишда иштирок этмоқда.
Терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчиликка, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш, давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, этник ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш бўйича изчил фаолият олиб бормоқда.
Иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва ахборот соҳаларида давлат хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси халқининг маданий-тарихий ҳамда бой маънавий меросини ҳимоя қилиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат манфаатларига ҳамда хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупция ҳолатларига қарши курашиш, телекоммуникациялар ва транспорт соҳасида давлат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларга шарт-шароит яратувчи омилларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш каби йўналишларда иштирок этмоқда.
ДХХ ўз фаолиятида қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш, фуқароларнинг ёрдамига таяниш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси устуворлиги, ягоналик, мустақиллик, конспирация каби принципларга амал қилади.
Қонунга биноан ДХХнинг ҳарбий хизматчилари ўз фаолиятини фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш асосида амалга оширади.
Шу кунларда ДХХ ходимлари амалга ошираётган ишларга бир назар ташласак: яқинда ДХХ ҳамда ИИВ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида инсон органлари ва тўқималари савдоси билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ фош этилди. Уюшган жиноий гуруҳнинг 2023-2025 йиллардаги фаолияти давомида 32 нафар беморга буйрак ёки жигар тўқималари кўчириб ўтказилган. Уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди. Ҳозирда жиноят суд органларига юборилган.
Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан биридаги ҳоким ёрдамчиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фуқародан ер майдонини 30 йил муддатга ижарага олиб бериш эвазига 29 миллион сўм талаб қилган.
ДХХ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар идоралари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ёрдамчиси сўралган пулни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, муҳандис ва шуъба бошлиғи ушбу пул маблағни олган вақтда уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168 ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тожикистондан олиб келинган 66 кг. наркотик моддалар тўхтатиб қолинди. “Ровот” чегара божхона постида автомашина синчковлик билан кўздан кечирилганда, унинг юкхонасига ўрнатилган газ баллон ичига 53 дона ўрамда гиёҳвандлик воситалари яширилганлиги маълум бўлди. Экспертиза хулосасига кўра, ушбу ўрамларда 50 кг. 852 гр. “опий” ва 6 кг. 927 гр. “гашиш” моддалари борлиги аниқланди.
Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин. Уларнинг замирида инсон ҳуқуқлари ҳимояси, халқимиз манфаатлари, давлатимиз хавфсизлиги ётибди.
Хулоса қилиб айтганда, ДХХ ходимлари халқимиз манфаатларига зид бўлган ҳар қандай ҳолатга чек қўйиш, тинчликка таҳдид солиши мумкин бўлган хавфларга қарши туришда фидойилик кўрсатмоқда.
Ана шундай фидойиларни касб байрами билан муборакбод этамиз. Мураккаб, аммо шарафли иш фаолиятида омад ёр бўлишини тилаймиз.
Норгул Абдураимова, ЎзА