Бугун, 26 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни.
Халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш давлатимиз сиёсатининг асосини ташкил этади.
Бу жараёнда соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, хавфсизликни таъминлаш, дунёда кечаётган мураккаб ва таҳликали вазиятда тинчликни асраш, халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашда мудофаа, ҳуқуқ-тартибот органлари билан бир қаторда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимларининг алоҳида ўрни бор.
Кўпинча улар кўзга яққол ташланмайди. Аммо энг қийин вазиятларда, қайноқ нуқталарда улар бор. Кимдир бу юртга ғараз ниятда қараса, осойишталикка путур етказмоқчи бўлса, улар биринчилардан бўлиб буни сезади ва бунга барҳам беради. Керак бўлса, кўксини қалқон қилади.
Зотан, Ўзбекистон Республикасини ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш, халқаро муносабатларда миллий манфаатларимизни таъминлаш ДХХ ходимларининг бурчларидан бири.
Мазкур хизмат Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган ҳисобланади.
Буни амалда таъминлаш учун ДХХ ходимлари зарур куч ва воситалар билан таъминланган. Муҳими, соҳанинг тубдан ислоҳ қилингани натижасида мазкур хизматда Ватан ҳимоясига ишончли қалқон бўлишга қодир ходимлар хизмат олиб бормоқда.
Бугун уларнинг касб байрами. 2021 йил 14 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун билан 26 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни, этиб белгиланди.
Айтиб ўтиш керакки, 1991 йил 26 сентябрдаги ПФ-265-сонли фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик бошқармаси тузилган.
Бугунги кунда мазкур хизмат ходимлари жамият муҳитини соғломлаштириш, диний экстремизмга йўл қўймаслик, терроризмнинг олдини олиш, гиёҳванд моддалар ноқонуний муомаласига қарши курашиш, коррупция билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйиш бўйича кенг кўламли амалий ишларни рўёбга чиқармоқда.
Шу кунларда ДХХ ходимлари амалга ошираётган ишларга бир назар ташласак: ДХХ томонидан Россия, Тожикистон ва Қирғизистондан олиб келинган наркотик моддалар тўхтатиб қолинди.
Тожикистондан мамлакатимиз ҳудудига айланма йўллар орқали 20 кг. 749 гр. “опий” моддасини олиб ўтган шахслар ДХХнинг Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Яна бир ҳолатда 18 кг. 97 гр. “Мефедрон” синтетик наркотик моддаси чегарада қўлга олинди.
ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан айланма йўллар орқали олиб келинган 56 минг дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари фош этилди.
ДХХ Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда 64 минг 452 дона дори воситалари қўлга олинди.
ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда темир йўл станциялардан бирининг бошлиғи 40 та вагон кўмир учун 4 минг АҚШ доллари олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.
ДХХ ходимлари Наманганда 1 гектар ерни танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 6,9 минг АҚШ доллари ва 15 миллион сўм пора олган шахсни ашёвий далил билан ушлади.
Хоразмда ноқонуний равишда ер сотмоқчи бўлиб, 30 минг АҚШ доллари олган шахслар ДХХ ва Бош прокуратура департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
ДХХнинг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура департаменти, ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Ғозғон шаҳар кадастр бўлими бошлиғи ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Нурота тумани ҳудудида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 1 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 40 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 6 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса 5,33 гектар ер майдонини кадастр идораларидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 80 минг АҚШ доллари олган шахс қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ДХХ ходимлари халқимиз манфаатларига зид бўлган ҳар қандай ҳолатга чек қўйиш, тинчликка таҳдид солиши мумкин бўлган хавфларга қарши туришда доим хизматига содиқ ва собит.
Ана шундай фидойиларни касб байрами билан муборакбод этамиз, хайрли мақсадлари йўлида ирода, садоқат, ва омад ҳамроҳ бўлишига тилакдошмиз!
Норгул Абдураимова, ЎзА