20 ноябрь – Бутунжаҳон болалар куни
Болалар кулгиси, қувончи бутун оламга қувонч улашади. Ҳар бир халқ, миллат ўз фарзандларининг бахти ва келажаги учун барча шарт-шароитни яратишга интилади. Зеро, миллатнинг мавжудлиги ва давомийлиги эртанги авлод билан чамбарчас боғлиқ.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1959 йил 20 ноябрда “Бола ҳуқуқлари ҳақидаги Декларация”, 1989 йилда “Бола ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция” қабул қилинган. Шу боис, барча мамлакатларда 20 ноябрь Бутунжаҳон болалар куни сифатида нишонлаб келинади. Ушбу сана болалар фаровонлигини оширишга, дунё миқёсида болалар манфаатлари йўлида БМТ томонидан олиб борилаётган ишларни кучайтиришга қаратилган.
Болалар ҳуқуқларини таъминлаш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова билан суҳбатлашдик.
– Юртимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлиги амалда таъминланмоқда. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлат сиёсатининг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этади. Келажагимиз бўлган фарзандларимизнинг соғлом ва беками-кўст ўсиши учун барча шароитлар яратилишига катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлат органларининг фаолияти айнан шу сиёсатни амалда рўёбга чиқаришга қаратилган.
– Янгиланган Конституциямизда айнан болалар ҳуқуқлари борасида қандай янгиликлар белгиланган?
– Дарҳақиқат, янги қабул қилинган Бош қомусимизнинг XIV боби Оила, болалар ва ёшлар деб номланган. Ушбу бобдаги нормаларда болаларнинг ҳуқуқлари ва бурчлари акс этгани келажакда уларни ҳимоя қилишга хизмат қилади. Хусусан, Конституциямизнинг 77, 78, 79, 80-моддаларида болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларига хизмат қиладиган нормалар киритилган.
Масалан, 77-моддада ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом,тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари белгиланган. Ушбу норманинг киритилиши ота-оналар фарзандини вояга етгунга қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканлигини Бош қонун билан қатъий белгилаб берди. Бу болаларнинг қаровсиз қолиб кетмаслигини таъминлашга хизмат қилади. Сир эмаски, баъзи бир ота-оналар фарзандларини ташлаб, хорижий давлатларга ишлаш учун кетиб қолишлари, оқибатда вояга етмаган болалар ўртасида турли хил нохуш ҳолатлар юзага келаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Ёки вояга етмаган болаларни хорижда ўқиш учун назоратсиз қолдириш ҳолатлари ҳам борлиги сабаб қонунчилигимизга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ота-оналарга, ҳамроҳлик қилувчиларга нисбатан жавобгарлик кучайтирилди.
Бундан ташқари, Конституциямизнинг 77-моддаси иккинчи қисмида “давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлайди, шу мақсадда хайрия фаолиятини рағбатлантиради”, дея мустаҳкамланган. Ушбу норма болаларни, чин етимларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади. Уларнинг ўқишга киришидан тортиб, ўз йўлини топиши, иш ва уй-жой билан таъминланишини давлат ўз зиммасига олмоқда. Бугунги кунда қанчадан-қанча етим болаларга давлатимиз томонидан уй-жой берилганини кўриб турибмиз. Бу борадаги ишлар янада кенгайтириб борилади.
Шунингдек, Қомусимизнинг 78-моддаси иккинчи қисмида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти эканлиги ўз ифодасини топган. Бундан кўришимиз мумкинки, давлат боланинг манфаатларини, ҳуқуқларини ҳимоялашни, ривожланиши учун барча шароитларни муҳайё қилишни тўлиқ ўз зиммасига олмоқда. Умуман, Бош қомусимизда болаларни давлат томонидан муҳофаза қилишга оид барча нормалар келгусида уларнинг ҳуқуқларини ҳимоялашга, тўла-тўкис улғайишига хизмат қилади.
– Шу ўринда “Ўзбекистон – 2030" стратегиясида боалар ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда уларнинг саломатлигини асраш борасида белгиланган мақсад-вазифалар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
–Тўғри таъкидладингиз, “Ўзбекистон-2030" стратегиясида ҳам айнан болаларнинг соғлом ва ақлий ривожланишини таъминлашга, уларни баркамол қилиб вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Стратегиянинг 15-16 мақсадлари айнан болаларимизни келгусида соғлом ва маънавий етук бўлиб ўсишига қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.
15-мақсадда болалар ўртасида ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволаш самарадорлигини ошириш,16-мақсадда эса оналар ва болалар ўлимини қисқартириш, соғлом болаликни таъминлаш мақсадида 6-23 ойлик болаларни микронутриент кукуни, 2-10 ёшдаги болаларни гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар, 3-15 ёшдаги болаларни ёд препарати билан бепул таъминлаш мақсадлари белгиланган. Бу каби устувор масалаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши соғлом келажакни таъминлашда долзарб ўрин тутади.
Бундан ташқари, мазкур дастуриламал ҳужжатда чекка ва олис ҳудудларда жойлашган мактаблар учун 715 та автобус ажратиш ва ўқувчиларнинг бепул қатновини йўлга қўйиш, мактабларни ва мактабгача таълим ташкилотларини ичимлик суви билан таъминлаш, 1-4 синф ўқувчиларининг бепул овқатланишини ташкил этиш каби бир қатор муҳим вазифалар белгилаб олинган. Буларнинг барчаси ўсиб келаётган фарзандларимизнинг белгиланган меъёрлар асосида, беками-кўст улғайишига замин бўлади.
– Бола ҳуқуқларини таъминлашда Болалар омбудсмани институтининг ўрни қандай? Болалар омбудсманининг ваколатларини янада мустаҳкамлаш борасида қандай ишлар қилинмоқда?
– Яқин йилларгача мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) тасарруфида эди. Ҳозирда эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) ташкил этилиб, ушбу институт томонидан кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Дарҳақиқат, болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга оид муаммоларни ҳал этишда Болалар омбудсмани муҳим ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бола ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шаклларини ҳамда воситаларини тўлдиради. Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилигини халқаро ҳуқуқ нормалари асосида такомиллаштиришга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. Фуқароларнинг бола ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашади. Шу боис ҳам бугун мазкур тузилма фаолияти мустаҳкамланмоқда. Вилоятларда ҳам Болалар омбудсмани вакиллари иш олиб бормоқда.
Шу ўринда таъкидлашим жоизки, яқинда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) институтининг ҳуқуқий асосини таъминлаш мақсадида бир гуруҳ депутатларимиз томонидан қонунчилик ташаббуси илгари сурилди. Парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда маъқулланиб, иккинчи ўқишда кўриб чиқилаётган мазкур қонун лойиҳасининг мақсади Болалар омбудсманининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятининг асосий йўналишлари ва кафолатларини белгилаш ҳамда фаолиятини тартибга солишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) мансабдор шахс бўлиб, унга давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан бола ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш ваколатлари берилган.
Бир сўз билан айтганда, бугун амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қабул қилинаётган қонунларда инсон ҳуқуқлари устуворлик касб этмоқда. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар келажагимиз эгалари бўлган болаларимизни ҳар томонлама соғлом ва етук бўлишига, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланишига хизмат қилишига ишонамиз.
ЎзА мухбири
Муҳтарама Комилова суҳбатлашди.