Ўзбекистонда автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми ортган
Сўнгги йилларда мамлакатимизда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, тармоқларда миллий рақобатбардошликни таъминлаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, юртимизда автотранспорт воситалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари савдоси 7,6 триллион сўмга етди. Ушбу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 триллион сўмга ёки 31,9 фоизга ошган.
Шунингдек, енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ўтган йилга нисбатан 6,9 минг донага ошган.
Жумладан, Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь-февраль ойларида турли русумдаги 64 минг 221 дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилган.
Автомобилларнинг русуми бўйича энг кўп Cobalt – 23 минг 216 дона ишлаб чиқарилган.
Шунингдек, жорий йилда 12 минг 301 та Damas, 6 минг 210 та Tracker, 5 минг 215 та Onix, 4 минг 39 та KIA, 3 минг 165 та BYD, 2 минг 405 та Haval, 1 минг 290 та Chery автомобили ҳамда 6 минг 380 та махсус енгил автомобиллар ишлаб чиқарилган.
Г.Бобоева,
ЎзА