“Ўзбекистон журналистларининг касбий этикаси кодекси” лойиҳаси муҳокама
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлимида “Ўзбекистон журналистларининг касбий этикаси кодекси” лойиҳаси тақдим этилди. Жамоатчилик муҳокамасида ҳудудий оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда соҳа мутахассислари қатнашди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Медиа таълим лойиҳалари бўлими бошлиғи Нозима Тошпўлатова тақдимот давомида лойиҳанинг асосий йўналишларини тушунтириб берди. У ҳужжатда белгиланган тамойиллар ва касбий масъулият меъёрларига алоҳида тўхталди.
Кодекс ахборотнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилигини таъминлашга қаратилган. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари, қадр-қиммати ва шахсий ҳаёти дахлсизлигини ҳимоялаш назарда тутилган. Таҳририятлар мустақиллиги ва очиқлигини мустаҳкамлаш ҳам муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Лойиҳада Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳузурида мустақил Этика комиссиясини ташкил этиш белгиланган. Мурожаатлар ва шикоятларни кўриб чиқиш тартибига оид нормалар ҳам назарда тутилган.
Муҳокама давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
[gallery-32514]
– Бугун жуда қизғин муҳокама бўлди, журналистлар кўплаб саволлар беришди, – деди Нозима Тошпўлатова. – Этика масалалари бугун янада долзарб бўлиб бормоқда. Бундай саволларнинг туғилиши биз учун ижобий ҳолат. Демак, керакли ҳужжат устида ишлаяпмиз. – Бу кодекс назорат учун эмас, балки масъулиятни ҳис қилдиришга йўналтирилган. У тавсиявий характерга эга бўлиб, журналистлар фаолиятини енгиллаштиришга хизмат қилади. Лойиҳа 15 декабргача муҳокамада бўлади. Ҳар бир ҳудуддан билдирилган фикр ва таклифлар алоҳида ҳисобот тарзида жамланади. Ҳужжат ушбу таклифлар асосида янада такомиллаштирилади.
Дарҳақиқат, касбий этика журналист фаолиятини чеклаш воситаси бўлмаслиги керак. У ҳаққонийлик, холислик ва инсон қадр-қимматига ҳурматни мустаҳкамлаши лозим. Шунингдек, журналистнинг жамият олдидаги масъулиятини янада теран англашига хизмат қилиши зарур.
Жиззахдаги муҳокама ҳам лойиҳани такомиллаштиришда ҳудудий журналистлар фикри муҳимлигини кўрсатди. Билдирилган таклифлар ҳужжатнинг кейинги таҳририда инобатга олинади.
Зеро, касбий этика шунчаки қоидалар мажмуаси эмас. У журналистнинг виждони, касбий шаъни ва жамият олдидаги масъулияти ифодасидир. Журналистикага ишонч ҳам айнан шу қадриятларга таянади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат),
ЎзА