"Ўзбекистон журналистларининг Ахлоқ-одоб кодекси" лойиҳаси муҳокама қилинди
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси қошидаги Ишчи гуруҳ томонидан миллий журналистиканинг замонавий ривожланиш тенденциялари, медиа маконидаги янги талаблар ҳамда илғор халқаро тажрибалар асосида ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги “Ўзбекистон журналистларининг Ахлоқ-одоб кодекси” лойиҳаси соҳа вакиллари, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
З.М.Бобур номли Андижон вилояти Ахборот-кутубхона марказида ушбу кодекс лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар, соҳа фахрийлари иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раиси вазифасини бажарувчи Иброҳимжон Зуфаров сўз олиб, кодекс лойиҳасининг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари ҳақида гапирди.


– Мазкур ҳужжат журналистлар, таҳририятлар, ахборот агентликлари, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, онлайн платформалар ҳамда жамоат манфаатларига дахлдор ахборотларни мунтазам тайёрлайдиган ва тарқатадиган медиа субъектлари фаолиятида амал қилиниши лозим бўлган касбий-ахлоқий меъёрларни белгилашга қаратилган, – дейди Иброҳимжон Зуфаров. – Кодекс лойиҳасининг асосий мақсади журналистика соҳасида касбий масъулиятни кучайтириш, ахборотнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ҳамда қадр-қимматини ҳимоя қилиш, таҳририятлар мустақиллигини мустаҳкамлаш ва медиа фаолиятида очиқлик ҳамда шаффофлик тамойилларини янада ривожлантиришдан иборат.
Йиғилишда “Адолат мезони” газетаси муҳаррири Махпура Артиқова, журналист Муаззам Иброҳимова, Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими мутахассиси Муқаддас Раҳмонова ва бошқалар сўз олиб, кодекс лойиҳаси хусусида ўзларинг фикр-мулоҳазаларини айтиб ўтди.


Шунингдек, кодекс лойиҳасида белгиланган асосий тамойиллар, журналистнинг касбий масъулияти, ахборот тарқатишда холислик ва ҳаққонийликка риоя этиш, инсон қадр-қиммати ва шахсий ҳаёти дахлсизлигини ҳурмат қилиш каби муҳим масалалар хусусида мулоҳазалар билдирилди.
Хусусан, кодекс лойиҳасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳузурида мустақил Этика комиссиясини ташкил этиш, мурожаат ва шикоятларни кўриб чиқиш тартиби ҳамда таҳририятлар фаолиятида масъулият ва очиқликни таъминлашга доир нормаларнинг назарда тутилганлиги ҳам муҳим эканлиги қайд этилди.
Ушбу ҳужжат мамлакатимиз журналистларининг профессионал фаолиятида муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири