Ўзбекистон “Zero Waste Forum 2026” доирасида халқаро экологик ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Истанбул шаҳрида ўтказилган “Анталияга йўл: иқлим ҳаракати сифатида нол чиқинди” мавзусидаги халқаро “Zero Waste Forum 2026” форуми доирасида юқори даражадаги вазирлар сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси делегацияси иштирок этиб, мамлакатнинг чиқиндиларни бошқариш ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги ташаббусларини тақдим этди.
100 дан ортиқ давлат вакиллари, халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар ҳамда хусусий сектор иштирок этган форумда чиқиндиларни камайтириш, циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди.

Вазирлар сессиясида Ўзбекистон вакиллари “Нол чиқинди” тамойили бугунги кунда нафақат экологик ташаббус, балки барқарор ривожланиш ва технологик тараққиётнинг муҳим моделига айланаётганини таъкидлади. Шунингдек, чиқиндилар атроф-муҳит ифлосланиши, иқлим ўзгариши ва биохилма-хилликнинг қисқаришига таъсир кўрсатаётган асосий омиллардан бири экани қайд этилди.
Тадбирда мамлакатимизда чиқиндиларни бошқариш соҳасини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, жорий йилда иккита чиқиндини ёқиш заводини ишга тушириш, кейинги йилларда эса яна тўққизта шундай объектни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу эса йилига 5,5 миллион тоннагача чиқиндини қайта ишлаш ҳамда иссиқхона газлари чиқиндиларини сезиларли даражада камайтириш имконини беради.

Форум доирасида Ўзбекистон томони COP31 тайёргарлиги ва глобал иқлим кун тартиби юзасидан қатор ташаббусларни ҳам илгари сурди. Улар орасида чиқиндиларни оддий утилизация қилишдан ресурслардан самарали фойдаланиш тизимига ўтиш, соҳага рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш каби таклифлар бор.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури (UN-Habitat), Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD), БМТ Технологиялар банки, Германия ва Туркия вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Музокараларда барқарор урбанизация, “яшил” технологиялар, экологик таълим ва чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, 2027 йилда Самарқанд шаҳрида халқаро “World Cleanup Day” акциясини ўтказиш бўйича амалий ишларни бошлашга келишиб олинди.
Учрашувлар якунида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма экологик лойиҳаларни амалга ошириш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича қатор келишувларга эришилди. Бу эса Ўзбекистоннинг глобал экологик ташаббуслардаги фаол иштирокини ва “яшил” тараққиёт йўлидаги қатъий позициясини яна бир бор намоён этди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА