Ўзбекистон ва Япония: тоғ-кон соҳасида ҳамкорлик ривожлантирилади
Юртимизда тоғ-кон саноати ва геология соҳасини ривожлантириш, ер ости бойликларини ўрганиш ва улардан самарали фойдаланиш, шунингдек, тармоққа хорижий инвестиция ва замонавий технологияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.
Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов Япония Бош вазирининг махсус маслаҳатчиси Ёшимаса Уно бошчилигидаги делегация билан ўтказган учрашувда икки мамлакат ўртасида бизнес, инфратузилма, тоғ-кон саноати ва геология йўналишларида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратди.
Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, мулоқот чоғида фойдали қазилмаларни геологик қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида стратегик шерикликни кенгайтириш, Япония инвестициялари ва илғор технологияларини жалб этиш, шунингдек, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар тоғ-кон саноати ва геология соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА