Ўзбекистон ва Россия коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлайди
Бугун, 17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигида Россия Федерацияси Президенти ёрдамчиси Дмитрий Миронов бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокара давомида томонлар коррупцияга қарши давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш бўйича амалий тажриба билан ўртоқлашди. Шунингдек, мазкур йўналишда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболи муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Россия Федерацияси Президентининг Давлат хизмати, кадрлар ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича бошқармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат соҳада тажриба ва ахборот алмашинувини кенгайтириш, шунингдек ҳамкорликни тизимли равишда ривожлантиришга қаратилгани қайд этилди.
Меморандум доирасида қонунчиликка доир, илмий-тадқиқот йўналишидаги ва таҳлилий материалларни мунтазам алмашиш, қўшма семинар ва тренинглар ташкил этиш, ходимлар малакасини ошириш, халқаро ташаббуслар илгари суриш каби устувор йўналишларда шериклик йўлга қўйилади.
[gallery-28816]
Ташриф доирасида РФ делегацияси Президент ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида ҳам бўлиб, давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича билимини узлуксиз ошириш тизими билан танишди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаевнинг россиялик меҳмонлар билан учрашувида давлат бошқаруви соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласи кўриб чиқилди.
Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳузуридаги Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази фаолияти билан ҳам танишиш чоғида қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ушбу мажмуа давлат идоралари учун маҳоратли кадрлар захирасини шакллантириш ва бошқарув салоҳиятини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Марказга ташриф буюрганларга давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши барқарорлик даражасини баҳолаш тизими ҳақида батафсил сўзлаб берилди. Ушбу тизим асосида бугунги кунга қадар 800 нафар турли бўғин раҳбари фаолияти баҳолангани айтиб ўтилди.
Шунингдек, Россия делегацияси аъзолари Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги “Янги Камолон” маҳалласида жорий қилинган аҳоли билан ишлаш, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган замонавий ёндашув билан танишди. Маҳаллада аҳоли муаммосини жойида ҳал этиш, давлат хизматини одамларга яқинлаштириш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот ҳам меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Дилшод Ҳакимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА