БМТ билан коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик кучайтирилади
Австриянинг Вена шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) котибияти томонидан Коррупцияга қарши конвенция доирасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича Экспертлар гуруҳининг 15-йиғилиши ҳамда Активларни қайтариш бўйича Ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг 20-сессияси бўлиб ўтмоқда.
Мазкур тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Халқаро-ҳуқуқий бошқармаси бошлиғи Р.Ғиёсов бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.
Йиғилишлар доирасида БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси қоидаларини амалга ошириш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилмоқда.
Жиноят ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, жиноий фаолият натижасида орттирилган активларни аниқлаш, хатлаш, мусодара қилиш ва қайтариш механизмларини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилмоқда.

Бундан ташқари, тадбирлар доирасида Ўзбекистон Бош прокуратураси делегациясининг Латвия, Бельгия, Нидерландия ва бошқа давлатлар вакиллари билан икки томонлама учрашувлари ўтказилиши режалаштирилган.
Уларда жиноят ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, жиноий активларни қайтариш ҳамда келгусида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА