Ўзбекистон ва Қозоғистон трансчегаравий сув ресурсларини муҳофаза қилишда ҳамкорликни кучайтирмоқда
Трансчегаравий сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш минтақада экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда сув хавфсизлигини мустаҳкамлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Айниқса, бир нечта давлат ҳудудида жойлашган ерости сув манбаларини ўрганиш, уларнинг ҳолатини мунтазам мониторинг қилиш, ифлосланишининг олдини олиш ва мавжуд захиралардан самарали фойдаланиш ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришни тақозо этади.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида трансчегаравий сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан барқарор фойдаланиш борасидаги ҳамкорлик бугунги кунда изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, икки давлат ҳудудида жойлашган Тошкент трансчегаравий сувли қатламини ўрганиш, муҳофаза қилиш ва самарали бошқариш бўйича амалга оширилаётган ишлар соҳада ягона ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Шу йўналишда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа иқтисодий комиссияси (БМТ ЕИК) ташаббуси билан Ўзбекистон ва Қозоғистон экспертларининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Тошкент трансчегаравий сувли қатламини ҳимоя қилиш ва ундан барқарор фойдаланиш, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган англашув меморандумини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда БМТ ЕИК Сув конвенцияси, Сувни баҳолаш халқаро маркази (IWAC) ва халқаро экспертлар билан бир қаторда Ўзбекистон томонидан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекгидрогеология” ДМ, “ГИДРОИНГЕО Институти” ДМ, Давлат геологик мониторинг хизмати вакиллари иштирок этди. Қозоғистон томонидан эса Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда “Казгидрогеология” АЖ вакиллари қатнашди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, тадбирда жорий йил 1 июль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган биринчи йиғилишда кўтарилган масалалар ва уларнинг ечимлари, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган англашув меморандуми лойиҳаси муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, 2030 йилгача мўлжалланган Тошкент трансчегаравий сувли қатламини муҳофаза қилиш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди. Унда трансчегаравий ерости сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларнинг миқдор ва сифат кўрсаткичларини баҳолаш, мониторинг тизимини такомиллаштириш ҳамда сувли қатламни муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш якунида иштирокчилар БМТ кўмагида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича янги ташаббуслар ҳамда халқаро лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги бундай амалий ҳамкорлик трансчегаравий сув ресурсларини самарали бошқариш, уларнинг экологик ҳолатини сақлаш ва минтақада сув хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА