Сув ресурсларини бошқариш бўйича минтақавий ҳамкорлик кенгайтирилмоқда
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлаш бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Айниқса, иқлим ўзгариши таъсирида сув ресурсларига бўлган эҳтиёж ортиб бораётган бир шароитда мазкур йўналишда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади.
Тошкент шаҳрида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан Амударё ва Сирдарё ҳавзалари сув мулоқотининг тўртинчи йиғилиши ҳамда сув сифати бўйича биринчи йиғилиш юзасидан ўтказилган минтақавий ишчи гуруҳлар учрашувида шу ҳақда сўз борди.
Мазкур тадбирлар “Иқлим ўзгариши таъсирини ҳисобга олган ҳолда Марказий Осиёда сув ресурсларини бошқариш” ҳамда “Европа Иттифоқи Марказий Осиё учун” (EU4SustainableCentralAsia) минтақавий дастурлари доирасида ўтказилди.
Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари, халқаро ташкилотлар мутахассислари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.
Учрашувлар давомида сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, трансчегаравий сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув сифати мониторингини ривожлантириш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, сув ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда истиқболли ташаббуслар юзасидан тақдимотлар ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бўлим бошлиғи Нурбек Пўлатов сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг соҳалар кесимидаги аҳамиятига тўхталди.
—Бугунги кунда иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш ва бошқариш масалалари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари учун сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув сифати ва экологик барқарорликни таъминлаш ўзаро ҳамкорликни талаб этади.
Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида ҳам сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнларида сув тежамкор ёндашувларни қўллаш ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Шу боис минтақавий ҳамкорлик доирасида илғор тажрибаларни ўрганиш, илмий ва амалий ёндашувларни уйғунлаштириш муҳим аҳамиятга эга, — деди Н.Пўлатов.
Учрашувлар давомида иштирокчилар томонидан сув ресурсларини бошқариш, уларнинг сифатини сақлаш ва иқлим ўзгариши таъсирини юмшатишга қаратилган қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Мазкур мулоқотлар Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сув соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий муаммоларга биргаликда ечим топиш ва сув ресурсларидан барқарор фойдаланиш бўйича амалий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА