Ўзбекистон – Қозоғистон: стратегик ҳамкорлик
Марказий Осиёнинг икки йирик давлати – Ўзбекистон ва Қозоғистон стратегик шерикликни мустаҳкамламоқда. Сиёсий ишонч, иқтисодий тараққиёт ва минтақавий барқарорлик йўлидаги бу ҳамкорликнинг янги имкониятлари нималарда намоён бўлади?
Марказий Осиё сиёсий барқарорлиги ва иқтисодий тараққиёти жараёнида Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар муҳим ўрин тутади. Бу икки давлат шунчаки қўшни эмас, балки тарихий, маданий ва иқтисодий жиҳатдан ҳам бир-бирига узвий боғланган. Мустақилликдан кейин шаклланган янгича ҳамкорлик бугунги кунда стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилиб, бутун минтақа ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
1992 йил дипломатик муносабат ўрнатилиб, ўтган давр мобайнида сиёсий мулоқот изчил ривожланди. Айниқса, сўнгги йилларда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тоқаев ўртасидаги мунтазам учрашувлар икки томонлама алоқаларни мутлақ янги босқичга олиб чиқди. 2022 йил имзоланган иттифоқчилик тўғрисидаги шартнома ўзаро ишонч юқори даражада эканини кўрсатиб, сиёсий, иқтисодий ва бошқа йўналишлардаги шерикликни янада мустаҳкамлади. Икки давлат халқаро майдонда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаб, минтақавий бирдамликни кучайтирмоқда. Иқтисодий ҳамкорлик икки томонлама муносабатнинг асосий устунларидан биридир. Сўнгги йилларда ўзаро савдо сезиларли даражада кенгайиб, 2016 йилдаги 2 миллиард долларлик кўрсаткич 2023 йил охирида 4,5 миллиард доллардан ошди. Келгусида бу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Ўзбекистон бу қўшни давлатга асосан мева-сабзавот, тўқимачилик маҳсулотлари ва саноат товарлари экспорт қилса, Қозоғистон бизга нефть маҳсулотлари, металл ва буғдой етказиб беради. Шу билан бирга автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги ва логистика соҳаларида юзлаб қўшма корхона фаолият юритмоқда. Бу жараён иқтисодий интеграцияни янада чуқурлаштирмоқда.
Транспорт ва логистика йўналишида ҳам ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Икки давлат Европа ва Осиёни боғловчи муҳим транспорт йўлакларида жойлашган бўлиб, темир йўл ва автомобиль инфратузилмасини модернизация қилиш, транзит юк ташишни кенгайтириш устида фаол иш олиб боряпти. Хитой – Марказий Осиё – Европа йўналиши орқали юк оқими тезлашиши икки давлат иқтисодиётига салмоқли фойда келтиряпти. Янгиланаётган чегара масканлари ва логистика марказлари ҳам савдо кўламини кенгайтирмоқда.
Энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Қозоғистоннинг бой нефть-газ захираси ва энергетика салоҳияти, Ўзбекистоннинг энергия ресурсларига нисбатан кучли эҳтиёжи айни йўналишдаги яқин ҳамкорликни тақозо этади. Газ, электр энергияси ва ёнилғи маҳсулотлари бўйича алоқалар изчил кенгаймоқда. Қолаверса, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи ҳам жуда долзарб. Шу боис томонлар трансчегаравий дарёларни бошқариш, сув тақсимоти ва экология муаммоларини биргаликда ҳал этишга интилмоқда.
Умуман, Ўзбекистон – Қозоғистон муносабати Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиётнинг муҳим омилларидан биридир. Сиёсий ишонч, иқтисодий манфаат уйғунлиги ва умумий тарихий илдизлар мавжуд ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, келажакда алоқаларимизни янада юқори босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Фардона Яхшибоева, ЎзА