Қирғиз Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Имонқулов бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида Тошкентда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати ва Қирғиз Республикаси Хавфсизлик кенгаши котибияти ўртасидаги маслаҳатлашувнинг иккинчи давраси ниҳоясига етди.
Маслаҳатлашув чоғида халқаро террор, экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмаси сингари минтақавий хавфсизлик билан боғлиқ таҳдид, хавф-хатарларга қарши кураш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар конструктив ҳамкорликни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашга содиқлигини, хавфсизлик соҳасидаги Ўзбекистон-Қирғизистон шериклигини, жумладан, шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, биргаликдаги амалий саъй-ҳаракатлар механизмини мувофиқлаштириш орқали ривожлантиришга қатъий тайёр эканлигини тасдиқладилар.
Учрашув якунида хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга қаратилган аниқ йўналишлар, чора-тадбирлар белгиланган Маслаҳатлашув Протоколи имзоланди.
Ғайрат Хонназаров,
Муҳаммад Амин (сурат),
ЎзА