Олий Мажлис Сенатига Польша Республикаси парламенти Сенати Раисининг ўринбосари Михал Каминский ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги парламентлараро мулоқот изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасида устувор йўналишларда ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

Парламентлардаги дўстлик гуруҳларининг фаолиятига, шунингдек, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашнинг муҳим воситаси сифатида парламент делегацияларининг мунтазам ташрифлари алмашинувига алоҳида эътибор қаратилди.
Олий таълим, маданият, туризм, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги каби соҳалардаги ҳамкорликнинг мустаҳкам икки томонлама асосларини шакллантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар талабалар ўртасида тажриба алмашиш, мутахассисларнинг малакасини ошириш, шунингдек, икки давлат ўртасида гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма таълим дастурлари ва лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди.
Учрашув якунлари бўйича ҳамкорлик алоқаларини мунтазам равишда давом эттиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА