Ўзбекистон ва Польша иқтисодий алоқаларида парламент дипломатиясининг ўрни кучаймоқда
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев Польша Республикаси Сеймининг Иқтисодиёт ва ривожланиш қўмитаси раиси Рафал Комаревич бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон – Польша муносабатларининг бугунги ҳолати, уларни янада ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Икки давлат раҳбарларининг ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлари ва сиёсий иродаси истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратаётгани қайд этилди.

Рафал Комаревич Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини юқори баҳолаб, польшалик тадбиркорларнинг мамлакатимизда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлади.
Мунтазам мулоқотни давом эттириш, ўзаро ташрифларни ташкил этиш ва парламентларнинг тегишли қўмиталари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлиги айтиб ўтилди. Иқтисодий ташаббусларни илгари суриш ва икки томонлама шерикликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишда парламент дипломатиясининг муҳим ўрни ва аҳамиятига эътибор қаратилди.
Н. Абдураимова, ЎзА