Аёллар саломатлиги: сут бези саратонини эрта аниқлаш муҳим
Ўзбекистонда кўкрак бези саратони онкологиянинг энг хавфли турларидан бири ҳисобланади. Она учун эса фарзандининг соғлиғи ва камоли ҳар нарсадан устун. Айниқса, чақалоқни кўкрак сути билан озиқлантириш унинг соғлом ўсиши, иммунитети мустаҳкамланишида муҳим аҳамиятга эга.
Бироқ, оналик масъулияти билан банд бўлган аёллар баъзан ўз саломатлигини ҳам унутиб қўяди. Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда «икки йил табиий сут билан озиқлантирса, аёл сут бези саратонига чалинмайди» қабилидаги фикрлар ҳам учрамоқда. Хўш, ҳомиладорлик ва лактация даврида сут безларида қандай ўзгаришлар кузатилади? Эмизикли аёллар қайси белгиларга эътибор қаратиши керак? Касалликнинг дастлабки аломатларини қандай аниқлаш мумкин?
Бу саволларга Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази тиббиёт фанлари номзоди Лолахон Закирова жавоб берди.
— Ижтимоий тармоқларда «икки йил эмизган аёл саратонга умуман чалинмайди» деган фикрлар учрайди. Илмий жиҳатдан эса эмизиш сут бези саратони хавфини камайтириши, бироқ 100 фоиз кафолат бермаслиги таъкидланади. Амалиётингизда узоқ муддат эмизган бўлса-да, сут бези саратони билан мурожаат қилган беморлар учрайдими? Аёлларнинг «мен эмизганман, демак, менга хавф йўқ» деган фикр билан скрининг текширувларини ўтказиб юбориши қанчалик тўғри?
— Мен доимо беморларимга бир фикрни таъкидлайман: эмизиш — сут бези саратони хавфини камайтирувчи муҳим омил, аммо бу касалликдан тўлиқ ҳимоя қилмайди. Шунинг учун аёллар фақат эмизганлик омилига таяниб, профилактик кўриклардан воз кечмаслиги керак. Сут бези саратонининг олдини олиш ва уни эрта аниқлашда мунтазам тиббий кўриклар муҳим ўрин тутади. Аёл ўзини соғлом ҳис қилган тақдирда ҳам ёши ва индивидуал хавф омилларидан келиб чиқиб, мутахассис тавсия қилган текширувлардан ўтиши зарур.
— Ҳомиладорлик ва икки йиллик эмизиш даврида аёл кўкрагидаги гормонал ўзгаришлар туфайли турли тугунлар пайдо бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда аёл онкологга мурожаат қилиши керакми?
— Ҳомиладорлик ва эмизиш даврида сут безларида муайян физиологик ўзгаришлар юз беради. Бу даврда без тўқималари фаоллашади, сут ишлаб чиқариш жараёни кучаяди. Натижада сут безларида зичлашиш, тугунсимон ҳосилалар ёки бошқа ўзгаришлар сезилиши мумкин. Бундай ўзгаришларнинг барчаси ҳам хавфли ўсма белгиси эмас. Масалан, сут йўлларининг беркилиб қолиши, лактостаз, мастит, киста ёки фиброаденома каби ҳолатлар ҳам кўкракда тугун пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Бироқ ҳар қандай янги ҳосила ёки узоқ вақт сақланиб қоладиган зичлашишни фақат гормонал ўзгаришлар билан изоҳлаш тўғри эмас. Айниқса, тугун йўқолмаса, катталашса ёки бошқа шубҳали белгилар кузатилса, маммолог ёки онколог кўригидан ўтиш зарур.
— Лактация даврида сут бези саратонини эрта аниқлаш учун эмизикли оналар қайси белгиларга алоҳида эътибор қаратиши лозим?
— Бу даврда аёллар сут безларидаги ўзгаришларни одатдаги лактация жараёнлари билан адаштириб юбориши мумкин. Шу боис ўз танасидаги ўзгаришларни кузатиб бориш муҳим. Хусусан, сут безида пайдо бўлган ва сақланиб қолаётган тугун, кўкрак шакли ёки ҳажмининг ўзгариши, терида тортилиш ёки «лимон пўстлоғи»га ўхшаш ўзгаришлар, қонли ажралмалар келиши каби белгилар эътибордан четда қолмаслиги керак. Бундай аломатлар ҳар доим ҳам саратонни англатмайди. Аммо уларнинг пайдо бўлиши шифокор кўригидан ўтиш учун етарли асосдир. Аниқ ташхис эса мутахассис кўриги ва зарур текширувлар натижасида қўйилади.

Шунингдек, мутахассиснинг таъкидлашича, сут бези саратонини эрта аниқлаш даволаш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис аёллар профилактик текширувларни кечиктирмаслиги, сут безларидаги ҳар қандай янги ўзгаришга бефарқ бўлмаслиги зарур.
Очиқ манбаларда келтирилишича, охирги йилларда сут бези саратони билан касалланиш кўрсаткичлари бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам барқарор ўсиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва халқаро тадқиқотлар маълумотларига кўра, дунёнинг кўплаб мамлакатларида ушбу касаллик йилига 1–5 фоизга ортиб, йиллик янги ҳолатлар сони 2,4 миллионга етган. Ўзбекистонда эса касалланиш даражаси йилига ўртача 2–4 фоизга ўсмоқда: агар 2020 йилда 4 минг 454 та янги ҳолат қайд этилган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 4 минг 843 тани (ҳар 100 минг аёлга 26 та ҳолат) ташкил этган.
Мутахассислар ушбу ўсишни бир томондан экология, турмуш тарзи ва касалликнинг 30–40 ёшли аёллар орасида ҳам ёшариб бораётгани билан изоҳласа, иккинчи томондан маммографик скрининг дастурлари кенгайгани туфайли касаллик эрта босқичларда кўпроқ аниқланаётгани билан боғламоқда. Бунинг ижобий натижаси сифатида 2025 йилда аниқланган ҳолатларнинг 70,8 фоизи 1–2-босқичларда қайд этилган бўлиб, бугунги кунда диспансер назоратида турган 27 минг 700 дан ортиқ беморнинг қарийб ярми (47,8%) 5 йил ва ундан ортиқ вақтдан бери соғлом ҳаёт кечирмоқда.
Моҳичеҳра Эшмирзаева,
ЎзА