Ўзбекистон ва Франция техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон иқтисодиётининг жаҳон бозорларидаги рақобатбардошлигини оширишда маҳсулот сифати, хавфсизлиги ва халқаро стандартларга мувофиқлиги муҳим омил ҳисобланади. Хусусан, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт географиясини кенгайтиришда маҳсулотларни халқаро талаблар асосида синовдан ўтказиш ва сертификатлаштириш тизимини янада такомиллаштириш устувор аҳамият касб этади.
Бу борада Ўзбекистон ва Франция ўртасида техник жиҳатдан тартибга солиш, мувофиқликни баҳолаш ҳамда маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш йўналишларидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича навбатдаги муҳим қадам ташланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Ансабхон Зокиров Франциянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Валид Фуке ҳамда халқаро “Bureau Veritas” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида техник жиҳатдан тартибга солиш, мувофиқликни баҳолаш, маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш ва халқаро стандартларни жорий этиш борасидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув доирасида “Bureau Veritas” компанияси ҳамда агентлик тизимидаги Ўзбекистон стандартлар институти ўртасида иккита муҳим ҳужжат имзоланди. Унга кўра, истеъмол товарлари ва паст кучланишли электр ускуналари, шунингдек, тўқимачилик маҳсулотлари ҳамда шахсий ҳимоя воситалари йўналишларида алоқалар ривожлантирилади.
Бу эса синов ва сертификатлаштириш хизматлари кўламини кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга замонавий баҳолаш механизмларини жорий этишда кўмаклашиш имконини беради.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати миллий сифат инфратузилмасини халқаро тизимлар билан уйғунлаштиришдан иборат. Мазкур жараён синов лабораториялари, сертификатлаштириш органлари ва мувофиқликни баҳолаш тизимининг имкониятларини кенгайтириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш ҳамда маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро миқёсда тан олинишига мустаҳкам замин яратади.
Учрашув якунида томонлар имзоланган ҳужжатлар ижросини ўз вақтида таъминлаш, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш юзасидан келишиб олдилар.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА