Исломободда электрон тижоратни ривожлантиришга бағишланган “GLOBE Pakistan Summit-2025” саммити бўлиб ўтди.
Покистон Савдони ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил этилган, Ўзбекистоннинг ушбу давлатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Тўхтаев махсус меҳмон сифатида қатнашган тадбирда Бош вазир ёрдамчиси Рана Эҳсон Афзал Хон, шунингдек Ташқи ишлар ва Савдо вазирликлари, Савдони ривожлантириш агентлиги, Давлат банки раҳбар ходимлари, дипломатик корпус ва бизнес, хусусан “Ali Baba”, “Daraz”, “Jazz Cash”, “Wildberries”, “DHL Express” сингари халқаро компаниялар вакиллари ҳам иштирок этди.
Рана Эҳсон Афзал Хон Марказий Осиё ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги билан савдо-иқтисодий алоқани рақамли воситалар орқали мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Бунда Ўзбекистоннинг минтақадаги транзит ва логистика манзили сифатидаги етакчилигини қайд этди.
Элчимиз юртимиздаги рақамли трансформация, логистика инфратузилмани ривожлантириш, электрон тижорат платформасини кенгайтириш каби соҳадаги устувор саъй-ҳаракатларга тўхталди. Рақамли тўлов тизимини такомиллаштириш ва трансчегаравий онлайн савдони рағбатлантиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам маълумот берди.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Комрон Муҳаммадиев “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегиясининг асосий йўналишлари ҳақидаги маърузасида онлайн тўлов, рақамли логистикани ривожлантириш, глобал электрон савдо платформаларига интеграция бўйича режаларни тақдим этди.
Покистон Савдони ривожлантириш агентлиги раҳбари Файз Аҳмад, ўз навбатида, 2024 йил 4 ноябрь куни икки давлат ўртасида имзоланган электрон тижорат соҳасида ўзаро англашув меморандумини тезроқ амалиётга татбиқ этиш зарурлигини қайд этаркан, қўшма лойиҳалар амалга оширишни таклиф қилди. Мезбон томон ушбу соҳада ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
Саммит доирасида экспертлар минтақавий электрон тижорат тизими истиқболи ва бу йўлдаги муайян чақириқларни муҳокама қилдилар.
АзизаАлимова, ЎзА