Ўзбекистон ва Покистон рақамли соҳада янги лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Покистон давлат вазири Билол бин Соқиб билан учрашувда сунъий интеллект, IT хизматлари экспорти, стартаплар, инвестициялар ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқди.
Мулоқотда Покистоннинг инсон капитали, IT мутахассислари, фрилансерлари ва технологик компаниялари салоҳиятидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, сунъий интеллект ва дата-марказлар, “яшил” энергетика асосидаги рақамли инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Томонлар фрилансерларни нафақат хизмат кўрсатувчи мутахассислар, балки ўз рақамли маҳсулот ва компанияларини яратадиган стартапчиларга айлантириш муҳимлигини таъкидлади. Шу мақсадда икки давлат стартап экотизимларини яқинлаштириш, венчур фондлар ва технологик тадбиркорлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш бўйича фикр алмашилди.
Қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва таълим учун халқаро бозорга чиқариш мумкин бўлган қўшма технологик ечимлар яратиш истиқболли йўналиш сифатида қайд этилди.

Учрашувда Покистон IT компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш, мамлакатимизни улар учун Марказий Осиё ва МДҲ бозорларига чиқиш нуқтаси сифатида шакллантириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, компанияларни ҳудудларга жалб этишга қаратилган “Zero Risk” дастури имкониятлари тақдим этилди.
Ташриф доирасида Покистон делегацияси IT Park ва UZINFOCOM фаолияти билан танишди. Меҳмонларга Ўзбекистонда IT индустрияси, рақамли давлат хизматлари, замонавий ахборот тизимлари ва рақамли платформаларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА