Ўзбекистон ва Озарбайжон: Суд-ҳуқуқ соҳасида амалий алоқалар янада ривожлантирилади
Олий суд раиси Робахон Маҳмудова Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Рашад Маммадов билан учрашди.
Унда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида кўп асрлик муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш долзарблиги қайд этилди. Бунда икки мамлакат суд ҳокимияти органларининг ўзаро ҳамкорлиги такомиллаштирилиши алоҳида ўрин тутиши таъкидланди.

Мамлакатларимиз олий суд органлари ўртасида Туркий давлатлар ташкилоти доирасида икки томонлама ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилиб, суд-ҳуқуқ соҳасида амалий алоқаларни янада ривожлантириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА