Ўзбекистон ва Озарбайжон стратегик шериклигини мустаҳкамлаш учун муҳим қадамлар қўйилди
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар бугунги кунда абадий дўстлик ва стратегик иттифоқчилик даражасига кўтарилган.
Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси билан бошланган ушбу юқори суръатни амалий натижаларга айлантиришда парламентларнинг ўрни тобора ортиб бормоқда.
Иккинчи Озарбайжон - Ўзбекистон парламентлараро форуми доирасидаги учта панель сессияси қонун чиқарувчи органлар нафақат қонун ижодкорлиги, балки иқтисодий, технологик ва гуманитар интеграциянинг ҳам фаол драйверига айланаётганини кўрсатди.
Озарбайжон Миллий Межлиси қўмита раиси Самед Сейидов ҳамда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати қўмита раиси Алишер Аъзамхўжаев модераторлигида ўтган сессияда олий даражадаги келишувлар, хусусан, Давлатлараро олий кенгашнинг учинчи йиғилиши қарорлари ижроси муҳокама қилинди.
Бунда икки асосий мезон – шартномавий-ҳуқуқий базани модернизация қилиш ҳамда халқаро ташкилотларда икки давлатнинг келишилган позициясини биргаликда ҳимоя қилишга келишиб олинди.
Сенат қўмита раиси Абдулҳаким Эшмуродов ҳамкорликда миллий қонунчилик ва инсон ҳуқуқлари кафолатларини тўлиқ инобатга олиш лозимлигини таъкидлади. Бу борада шартномавий-ҳуқуқий базани соҳалар кесимида биргаликда таҳлил қилиш, суд-ҳуқуқ қўмиталари ўртасида мунтазам эксперт мулоқотини йўлга қўйиш, янги халқаро битим лойиҳаларини парламент, вазирликлар ва мустақил экспертлар иштирокида дастлабки ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, 2027 - 2028 йилларга мўлжалланган «Йўл харитаси»га ҳуқуқий ҳамкорликка оид алоҳида бандлар киритиш каби таклифларни илгари сурди.
Жумладан, Миллий Мажлис қўмита раиси А.Гусейнли икки томонлама келишувлар ва қўшма лойиҳаларни хатловдан ўтказиш, ижросини таҳлил қилиш, натижаларини йилига камида икки маротаба муҳокама қилиш муҳимлигини қайд этди.

Миллий Межлис қўмита раиси Азар Амирасланов ва Сенат қўмита раиси Эркин Гадоев бошчилигида ўтган иккинчи сессияда инвестиция, «яшил» энергетика, рақамли трансформация ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш механизмларини яратишга келишиб олинди.
Сессияда Сенат қўмитаси раиси ўринбосари Қобил Турсунов савдо-иқтисодий алоқаларни жадаллаштириш бўйича таклифларни илгари сурди. Жумладан, товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш ижросини ҳар ярим йилда кўриб чиқиш, инвестиция ва солиққа оид ҳуқуқий базани такомиллаштириш, саноат кооперацияси ва инвесторлар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, Каспий транспорт йўналишлари ва электрон транзит тизимларини ривожлантириш, Урганч-Хонкенди, Бухоро-Лочин ва Урганч-Нахчивон биродарлик келишувлари асосида ҳудудий алоқаларни фаоллаштириш зарурлига урғу берилди.
Сенатор Гулнора Маруфова сунъий интелект ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш қонунчилигини қиёсий таҳлил қилиш, давлат хизматларида СИни масъулиятли қўллаш тамойилларини ишлаб чиқиш, ёшлар ва хотин-қизларнинг STEM йўналишларидаги иштирокини кенгайтириш, ўзбек ва озарбайжон тилларида нутқни таниш ва матнни қайта ишлаш технологияларини яратиш, қўшма ташаббуслар устидан йиллик парламент мониторингини жорий этиш каби таклифларни илгари сурди.
Миллий Мажлис қўмита раиси ўринбосари Ф.Йилдирим ва депутати Р.Намазов қайта тикланувчи энергетика, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни тартибга солиш соҳаларида қонунчилик бўйича тажриба алмашиш, шу жумладан қўшма ишчи гуруҳ тузиш ва сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланиш тамойилларини ишлаб чиқиш зарурлигини билдирдилар.
Сенат қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев қишлоқ ва сув хўжалиги қўмиталарининг қўшма мажлисларини йўлга қўйиш, фермерларни қўллаб-қувватлаш ва сувдан оқилона фойдаланиш бўйича қонунчилик тажрибасини алмашиш, агротехнологиялар, селекция ва уруғчилик бўйича қўшма тадқиқотларни фаоллаштириш, соҳага оид «йўл хариталари» ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш, фермерлар кооперацияси ва маҳсулотларни учинчи давлатлар бозорига олиб чиқишга кўмаклашиш таклифини берди.

Миллий Межлис қўмита раиси ўринбосари Гюнай Эфендиева ва Сенат аъзоси Малика Қодирхонова модераторлигида ўтган учинчи сессияда умумий миллий-маънавий қадриятларни асраш, илм-фан, таълим, ёшлар сиёсати, спорт ва туризм орқали халқлар ўртасидаги бевосита мулоқотни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Сенаторлар Комила Каромова, Покиза Аҳмаджонова, Рустам Холмуродов, Қонунилик палатаси депутатлари Дилором Файзиева, Ирина Токарева, Миллий межлис аъзолари Амина Агазаде, Нигяр Арвадараи, Азер Бодомов, Ханлар Фатиев, Ульвия Гамзаева, Севинж Фаталиева, Мазахар Эфендиев, Гойдениз Гаҳраманов сессиялар давомида фаол фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Барча парламент аъзолари давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва парламентлар кўмаги билан Ўзбекистон - Озарбайжон илмий-таълим салоҳиятини иқтисодий самарали ва ижтимоий аҳамиятга эга амалий натижаларга айлантириш мумкинлигига ишонч билдирди.
Боку форуми икки давлат парламентлари ўртасидаги мулоқот расмий учрашувлар доирасидан чиқиб, аниқ амалий натижаларга йўналтирилган тизимли механизмга айланганини тасдиқлади. Сиёсий-ҳуқуқий мувофиқлашув, иқтисодий-технологик кооперация ва гуманитар яқинликнинг уйғунлашуви Ўзбекистон ва Озарбайжон стратегик шериклигини янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Боку шаҳри (Озарбайжон)