Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари раҳбарларининг юқори даражадаги икки томонлама келишувларининг амалга оширилишини таъминлашда парламентлар ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги қўшма лойиҳаларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ишлари изчиллик билан амалга оширилаётир.
Боку шаҳрида Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева ва Озарбайжон Миллий Межлиси Раиси Саҳиба Гафарова учрашувида шу жиҳатларга эътибор қаратилди. Томонлар парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
2022 йилда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Тошкентда имзоланган амалий ҳаракатлар режаси, яъни «йўл харитаси» ижроси тўлиқ таъминлангани алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунида парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган 2024 – 2025 йилларга мўлжалланган янги «Йўл харитаси» имзоланди.
Ушбу ҳужжатда парламент аъзолари ўртасида ташриф алмашиш орқали ўзаро муносабатларни чуқурлаштириш, қонун ижодкорлиги фаолиятини ривожлантириш кўзда тутилган. Шунингдек, ундан илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, экология, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш бўйича ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш каби йўналишлар ҳам ўрин олган.
Н.Абдураимова, ЎзА