Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик, ўзаро ишончга асосланган муносабатлар юксак даражада
Бош прокурор Н.Йўлдошев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси делегацияси Озарбайжон Республикасига ташрифи доирасида Миллий Мажлис Раиси С.Гафарова билан икки томонлама учрашув ўтказди.
С.Гафарова Ўзбекистон делегациясини самимий қутлаб, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик, ўзаро ишонч ҳамда қардош халқлар ўртасидаги дўстликка асосланган муносабатлар юксак даражага кўтарилганини таъкидлади.
Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам сиёсий мулоқот ва ишончли муносабатлар кўп қиррали ҳамкорликни изчил кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида қайд этилди.
Учрашув давомида томонлар жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида тажриба алмашишни кенгайтиришга оид икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

Очиқ ва конструктив руҳда ўтган мулоқот Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, идоралараро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларни изчил ривожлантиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА