Ўзбекистон ва Жанубий Корея: “яшил” иқтисодиёт, сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик кенгайтирилади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига Корея Республикаси Миллий Ассамблеясининг Ташқи ишлар ва бирлашиш қўмитаси раиси Ким Сок Ки ташриф буюрди.
Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан учрашувда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар ишонч, ўзаро ҳурмат ва стратегик шериклик тамойиллари асосида изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Олий даражадаги мулоқотлар доирасида эришилган келишувларнинг амалий ижроси ижобий баҳоланди.
Парламентлараро ҳамкорлик сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилгани қайд этилди. Хусусан, Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг учинчи йиғилиши самарали ўтгани таъкидланди. Ушбу формат долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва уларга биргаликда ечим топиш учун самарали платформа экани қайд этилди.

Учрашувда парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини фаоллаштириш, олий даражадаги келишувлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш, тегишли қўмиталар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Қонунчилик соҳасида тажриба алмашиш, жумладан “яшил” иқтисодиёт, сунъий интеллектни жорий этиш ва камбағалликни қисқартириш каби йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.
Савдо-иқтисодий, инвестиция, шунингдек, туризм, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканини тасдиқлади.
Н.Абдураимова,
ЎзА