Ўзбекистон ва Ҳонг Конг божхона хизматлари ҳамкорлиги кучайтирилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасида Ҳонг Конг божхона хизмати делегацияси билан икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида божхона соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, уни янада ривожлантириш истиқболлари ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда савдони енгиллаштириш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, Ваколатли иқтисодий оператор институти фаолиятини такомиллаштириш, божхона маъмурчилигига замонавий ёндашувларни жорий этиш ҳамда чегара ўтказиш пунктларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш бўйича фикр алмашилди.
Шунингдек, қуруқликдаги чегара постларида замонавий ташкилий ва технологик ечимларни қўллаш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш ва хавфларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот чоғида Ҳонг Конг божхона хизматининг илғор тажриба ва амалиётлари тақдим этилди. Ўз навбатида, Ўзбекистон томони мамлакатимизда божхона тизимини рақамлаштириш, божхона назорати жараёнларини соддалаштириш, хавфларни бошқариш механизмларини кучайтириш ҳамда давлат хизматлари сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

Ташриф доирасида делегация аъзолари Марказий божхона лабораторияси, Божхона расмийлаштируви маркази ҳамда Таргетлаш ва хавфларни бошқариш маркази фаолияти билан танишди. Меҳмонлар божхона назоратини ташкил этиш, ахборот технологияларини кенг жорий қилиш ва чегара ўтказиш пунктларида транспорт оқимларини самарали бошқариш бўйича амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.


Учрашув якунида томонлар ўзаро тажриба алмашиш, мутахассислар малакасини ошириш, илғор амалиётларни татбиқ этиш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш ҳар икки томон учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, келгусида ҳам конструктив мулоқотни давом эттириш ва шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА