МДҲ давлатлари божхона соҳасидаги ҳамкорликни кучайтирмоқда
Қозоғистонда МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раиси Акмал Мавлонов иштирок этди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Мажлис давомида божхона соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, хавфларни бошқариш тизимларини такомиллаштириш ҳамда ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Томонлар божхона органлари фаолиятида қўлланилаётган ахборот технологиялари, замонавий дастурий маҳсулотлар ва истиқболли рақамли ечимлар бўйича тажриба алмашди. Айниқса, сунъий интеллект технологияларини божхона амалиётига жорий этиш ва ушбу йўналишда ўзаро ахборот алмашинувини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, йиғилиш кун тартибидан инспекцион-кўрик мажмуаларидан самарали фойдаланиш, рентген тасвирларини таҳлил қилишнинг замонавий усулларини қўллаш ҳамда транспорт воситаларига яширин жойлаштирилган товарларни аниқлаш бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш масалалари ўрин олди. Бу борада мутахассисларни ўқитиш, сунъий интеллект тизимларини такомиллаштириш учун ягона маълумотлар базасини шакллантириш ва ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.
Мажлис иштирокчилари МДҲ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бўлинмалар раҳбарлари қўмитаси йиғилишларида мунтазам иштирок этиш муҳимлигини таъкидлади. Қайд этилишича, мазкур ҳамкорлик контрабандага қарши курашишнинг самарали механизмларини жорий этиш, назорат остидаги етказиб беришлар тизимини такомиллаштириш ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.
Йиғилишда Товарларни таснифлаш масалалари бўйича Ишчи гуруҳнинг янгиланган таркиби ҳам тасдиқланди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Марказий божхона лабораторияси бошлиғи Рўзибой Рўзиев ишчи гуруҳ раҳбарининг ўринбосари этиб сайланди.
Шу билан бирга, МДҲнинг 35 йиллиги муносабати билан кенгаш томонидан таъсис этилган эсдалик кўкрак нишони билан тақдирланадиган божхона ходимлари рўйхати тасдиқланди. Қувонарлиси, ушбу рўйхатдан Ўзбекистоннинг 8 нафар божхона ходими ўрин олди.
Мажлис якунида томонлар келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини ҳам муҳокама қилди. Хусусан, МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматлари ўртасида транзит ташувларни соддалаштиришга қаратилган Ўзаро англашув меморандумини ишлаб чиқиш ишлари бошланиши маълум қилинди.
Кенгашнинг навбатдаги йиғилиши 2026 йилнинг иккинчи ярмида Беларусь Республикасида ўтказилиши режалаштирилган. Бу эса божхона соҳасидаги минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва замонавий ёндашувларни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА