Ўзбекистон ва Хитой: “яшил” энергетикани ривожлантириш бўйича меморандум имзоланди
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти ҳамда Хитойнинг “Inner Mongolia Technology University” ва “China Datang Corporation” компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, замонавий инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Томонлар музокаралар давомида қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш, илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш, инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш ва халқаро тажриба алмашиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашди.
Мутахассисларнинг фикрича, мазкур келишув энергетика соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, “яшил” иқтисодиёт тамойилларини кенг жорий этиш ҳамда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида муҳим аҳамият касб этади.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, ушбу меморандум яқинда Хитой Халқ Республикасининг Сиань шаҳрида бўлиб ўтган Учинчи Ўзбекистон – Хитой ҳудудлараро форуми доирасида имзоланган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА