Тошкент шаҳрида Хитой Халқаро савдони ривожлантириш кенгаши томонидан ташкил этилаётган “2025 йил – Хитой – Марказий Осиё: Ўзбекистон савдо кўргазмаси”га бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Хитой Халқаро савдони ривожлантириш кенгашининг Қозоғистондаги ваколатхонаси раҳбари Лю Юэ ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси Алишер Шайхов иштирок этиб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Таъкидланишича, “2025 йил – Хитой – Марказий Осиё: Ўзбекистон савдо кўргазмаси” 2025 йил 16-18 сентябрь кунлари Тошкент халқаро кўргазмалар марказида ўтказилади. Кўргазмада икки давлат ўртасидаги мустаҳкам савдо-иқтисодий муносабатлар асос бўлиб хизмат қилмоқда. Хитой сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг етакчи савдо ҳамкори ва асосий инвестиция манбаи сифатида фаолият юритиб келмоқда. Жорий йилда Тяньцзин шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, “Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон” халқаро транспорт йўналишининг ишга туширилиши ҳамда Хитой ва Ўзбекистон етакчилари ўртасидаги музокаралар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлади.
Кўргазма 4000 квадрат метрлик ёпиқ ва 800 квадратметрлик очиқ майдонда ташкил этилади. Унда 200 га яқин корхона қатнашиши кўзда тутилган. Экспозициялар миллий имидж, ақлли ишлаб чиқариш ва саноат ускуналари, яшил энергия ва энергия сақлаш, ақлли қурилмалар ва электрон технологиялар, транспорт ва автоқисмлар, қурилиш ва экологик материаллар, рақамли савдо ва хизматлар деб номланган еттита асосий бўлимдан иборат.
Кўргазмада “Gree”, “Hisense”, “Zhejiang Hangcha”, “DEEP Robotics”, “Ruhr IoT”, “Tianjin Huabang” каби етакчи компаниялар ўз маҳсулот ва технологияларини намойиш этади. Биомиметик роботлар, ақлли сенсор тизимлари ва инновацион қўлланмалар кўргазманинг инновацион салоҳиятини намоён этади.
Тадбир доирасида 16 сентябрь куни очилиш маросими ҳамда Хитой-Ўзбекистон савдо ва инвестиция форуми бўлиб ўтади. Шунингдек, талаб ва таклиф анжуманлари, соҳавий тақдимотлар ва бизнес учрашувлар ҳам ташкил этилади. Истеъмолчи эҳтиёжлари ва таклифлар юзасидан жойида музокаралар ўтказилиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик юзасидан келишувлар амалга оширилади. Ушбу кўргазма Хитой корхоналари учун халқаро бозорларга чиқиш имконини яратиши баробарида Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги корхоналар учун Хитой технологиялари ҳамда маҳсулотларини яқиндан ўрганиш имкониятини яратади.
Тадбир “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, саноат модернизацияси ва савдо муносабатларини кенгайтиришга хизмат қилади. Ташкилотчилар Ўзбекистон давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакилларини кўргазмада фаол иштирок этишга чақиради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tikHURkshmQ" title="O‘zbekiston va Xitoy o‘rtasidagi savdo aloqalari yangi bosqichga chiqmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нилуфар Бозорова, Дониёр Якубов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА