Ўзбекистон ва Хитой савдо кўргазмаси (+видео)
Тошкентдаги Халқаро кўргазма марказида “2025 йил Хитой – Марказий Осиё – Ўзбекистон” савдо кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Кўргазма Хитой Халқаро савдони ривожлантириш кенгаши (ССPIT) ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, стратегик шерикликни чуқурлаштириш мақсад қилинган.
Тантанали очилиш маросимида Хитой Халқаро савдони ривожлантириш кенгаши (ССPIT) кўргазмалар департаменти директори ўринбосари Чжан Шужин, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси Алишер Шайхов, Хитойнинг Ўзбекистондаги Элчихонаси биринчи котиби Лю Ян, Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси раиси ўринбосари Отабек Розиқов ва Ўзбекистон автомобиль савдоси ассоциацияси бош директори ўринбосари Муҳаммад Усмонов иштирок этди.
Кўргазмада Хитойнинг 200 га яқин етакчи компанияси ўз маҳсулот ва хизматлари билан қатнашмоқда. Жумладан, ақлли ишлаб чиқариш, юқори аниқликдаги дисплей технологиялари, янги авлод электрокарлари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари намойиш этилмоқда.
Тадбир доирасида 4 800 квадрат метр майдонда “экологик қурилиш материаллари”, “яшил энергия”, “рақамли савдо” каби йўналишларда алоҳида бўлимлар ташкил этилган. Миллий имидж павильони эса Хитой компанияларининг замонавий саноат ютуқлари ва юқори технологик ечимларини намоён этади.
Кўргазма доирасида Хитой – Ўзбекистон савдо ва инвестиция форуми ҳам ўтказилди. Унда икки мамлакат расмийлари, бизнес вакиллари ва савдо-саноат уюшмалари иштирокида тўғридан-тўғри мулоқотлар ташкил этилди. Брендлар бўйича талаб ва таклиф анжуманида 100 га яқин харид эҳтиёжлари эълон қилинди. Бу эса икки томонлама узоқ муддатли ҳамкорлик механизмларини шакллантиришга хизмат қилади.
Кўргазма Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити руҳини амалда намоён этиш ҳамда Хитой – Марказий Осиё саммитида эришилган келишувларни амалий жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шу орқали Хитойнинг Ўзбекистон ва минтақа давлатлари билан иқтисодий алоқалари янада кенгайишига туртки берилади.
Мазкур тадбир нафақат Хитой компаниялари учун Марказий Осиё бозорини кенгайтириш имконини яратади, балки Ўзбекистон саноатидаги модернизация жараёнларини ҳам қўллаб-қувватлайди. Бу орқали савдони ривожлантиришга қаратилган инфратузилма янада такомиллаштирилади, рақамли иқтисодиёт ва яшил энергия каби стратегик йўналишларда янги ҳамкорлик лойиҳаларига пойдевор қўйилади.
Кўргазма доирасида қатор соҳалар бўйича тақдимотлар, бизнес учрашувлар ва мулоқотлар ҳам уюштирилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/L7FdkB1t9EI" title="O‘zbekiston va Xitoy savdo ko‘rgazmasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нилуфар Бозорова, Дониёр Якубов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА