Ўзбекистон ва Ҳиндистон дори воситалари сифати ҳамда хавфсизлиги устидан назоратни кучайтиради
Шарқ алломаларининг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва замонавий илм-фан билан уйғунлаштириш бугунги кунда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада мамлакатимиз мутахассислари халқаро майдонда фаол иш олиб бориб, илғор хорижий тажрибаларни ўзлаштирмоқда. Хусусан, Ҳиндистонга уюштирилган илмий экспедиция доирасида фармацевтика ва стандартлаштириш соҳасида салмоқли натижаларга эришилди.
Ибн Сино жамоат фонди ташаббуси билан ташкил этилган мазкур илмий сафарнинг навбатдаги манзили Деҳли шаҳридаги «Jamia Hamdard» университети бўлди. Бу ерда ўтказилган халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини такомиллаштириш ва янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишлар кенг таништирилди. Хусусан, миллий фармакопеямизнинг иккинчи нашри ва унинг жилдларини тайёрлаш жараёни мутахассислар томонидан юқори баҳоланди. Шунингдек, университет қошидаги “Унани табобати“ бўйича илғор тадқиқотлар марказида доривор ўсимликларни стандартлаштириш, хомашё чинлигини аниқлаш ҳамда замонавий таҳлил усулларини қўллаш бўйича ўзбек олимларининг тажрибаси тақдим этилди. Сафар давомида мазкур муассаса билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Халқаро ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон делегацияси Ғозиобод шаҳридаги Ҳиндистон фармакопея комиссиясига (IPC) ҳам ташриф буюрди. Ушбу учрашувда фармакопея стандартларини ишлаб чиқиш, дори воситалари сифатини назорат қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича муҳим тажриба алмашилди. Ҳиндистон томони ўзларининг сўнгги нашрлари ҳамда дори воситаларининг ножўя таъсирларини ўрганувчи фармназорат дастури фаолияти билан таништирди. Музокаралар якунида ўзбек мутахассисларининг мазкур комиссия тренингларида бепул иштирок этиши ҳамда фармакопея мақолаларини уйғунлаштириш бўйича келишувларни тезлаштириш юзасидан муҳим баённома имзоланди.
Амалга оширилган бундай амалий саъй-ҳаракатлар ва қўшма лойиҳалар миллий фармацевтика саноатимизни жаҳон талабларига мослаштириш ҳамда дори воситалари хавфсизлигини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА