Ўзбекистонда ҳалокатлар тиббиёти тизимини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди
Фавқулодда вазиятларда ҳар бир сония ғанимат. Бундай пайтда қутқарувчилар, тез тиббий ёрдам бригадалари ва шифохоналарнинг қанчалик тезкор ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Шу боис, юртимизда фавқулодда вазиятларда тезкор ва комплекс чоралар кўриш, бунда тез ва шошилинч тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида юртимизда илк бор Ўзбекистонда ҳалокатлар тиббиёти тизимини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Пойтахтимизда бўлиб ўтган ушбу ҳужжатнинг муҳокамаси бўйича давра суҳбатида Россия, Туркия, Қозоғистон каби давлатлардан келган экспертлар, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси вакиллари, шунингдек, маҳаллий мутахассислар унинг аҳамияти, ўзига хос хусусиятлари ва концепцияни амалиётда самарали жорий қилиш масалалари хусусида атрофлича сўз юритди.
Концепцияда тез тиббий ёрдам ҳамда шошилинч тиббий ёрдам хизматлари бирлаштирилган ҳолда, яъни интеграция қилинган ҳолда ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар белгилаб берилган.
– Концепциянинг энг муҳим жиҳати фавқулодда вазиятларда тиббий ёрдам кўрсатишнинг ягона бошқарув ва мувофиқлаштириш тизимини яратишдир. Бунда янгидан алоҳида хизмат ташкил этиш эмас, балки мавжуд тиббиёт муассасалари ва хизматларнинг имкониятларини бирлаштириш кўзда тутилмоқда. Яъни тез тиббий ёрдам, шошилинч тиббий ёрдам муассасалари, санитария авиацияси ва бошқа тегишли хизматлар ўзаро мувофиқлашган ҳолда фаолият юритади. Чақирув келиб тушганидан тортиб жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни эвакуация қилиш ва шифохонага ётқизишгача бўлган барча жараёнлар ягона тизим асосида бошқарилади, – деди Республика тез тиббий ёрдам маркази директори ўринбосари Нозимжон Далибаев.

Шунингдек, концепцияда амалдаги кол-марказларини тезкор бошқарув марказларига босқичма-босқич айлантириш таклиф этилмоқда. Бу чақирувларни тўғри тақсимлаш, тиббий бригадалар ҳаракатини мувофиқлаштириш ва беморларни тегишли шифохоналарга ўз вақтида йўналтириш имконини кенгайтиради.
Хорижлик экспертларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги мавжуд тез ва шошилинч тиббий ёрдам хизматлари замонавий ҳалокатлар тиббиёти тизимини яратиш учун яхши асос бўла олади. Муҳокама қилинаётган концепция халқаро экспертлар томонидан кўриб чиқилган ва улар ўзларининг тегишли тавсияларини берган. Бу тизим самарали ишлаши учун мунтазам ўқув машғулотлари ўтказиш, мутахассисларни тайёрлаш, хизматларни зарур воситалар билан тўлиқ таъминлаш ва маблағ ажратиш лозим.
Лойиҳада бошқарувнинг республика, ҳудудий ва маҳаллий даражаларини қамраб олувчи уч босқичли тизимни шакллантириш ҳам назарда тутилган.
Концепциянинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, унда фақат йирик табиий офатларда эмас, балки йўл-транспорт ҳодисалари, ёнғинлар, оғир жароҳатлар ва ҳаёт учун хавфли бошқа ҳолатларда ҳам тиббий хизматлар мувофиқлашган ҳолда ишлаши белгиланган. Ҳужжатда санитария авиациясини ривожлантириш, жабрланганларни эвакуация қилиш, мутахассисларни тайёрлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Лойиҳани ишлаб чиқишда Россия, Туркия ҳамда ушбу йўналишда кўп йиллик ва самарали тизимга эга бошқа қатор хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси ўрганилган.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА