Фармацевтикада халқаро стандартлар: янги лойиҳалар ва рақамли ўзгаришлар
Давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири – соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлаш. Шу боис, фармацевтика соҳасини халқаро стандартларга мослаштириш ва соҳадаги жараёнларни янада соддалаштириш бўйича тизимли ишлар амалга ошириляпти.
Хусусан, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Панамерика соғлиқни сақлаш ташкилоти лойиҳаларида ишлаган халқаро эксперт Данини Марин ҳамда «Abbott Laboratories GmbH» компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ўзбекистонда дори воситалари муомаласини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш, миллий регулятор салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ЖССТнинг етуклик баҳолаш методологияси бўйича 2028 йилга қадар учинчи даражага (WHO ML3) эришиш масалалари муҳокама қилинди.
Шу мақсадда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Марказда махсус лойиҳа офиси фаолияти йўлга қўйилмоқда. Европалик экспертлар иштирок этадиган ушбу офис регулятор фаолиятни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш, норматив-ҳуқуқий базани халқаро талабларга мослаштириш ҳамда экспертиза, клиник тадқиқотлар ва лаборатория назорати йўналишларидаги ишларни мувофиқлаштиради. Унинг фаолияти барча жараёнларнинг халқаро мезонларга мослигини доимий равишда мониторинг қилиб боради.

Шу билан бирга, тадбиркорларга қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида рақамли хизматлар кенгайтирилмоқда. «Darmon» ахборот тизимида дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш хизматлари янгиланиб, эндиликда ишлаб чиқарувчиларга гувоҳномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича электрон ариза юбориш имконияти яратилди. Шу муносабат билан ўтказилган амалий учрашувда маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларга янги электрон тизимдан фойдаланиш тартиблари батафсил тушунтирилди.
Кўрилаётган бундай амалий чоралар соҳада бюрократик тўсиқларни камайтириб, аҳолининг хавфсиз ва сифатли дори воситалари билан таъминланишини янада кафолатлайди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА