Ўзбекистон ва Грузия: маданий дипломатия янги босқичга кўтарилмоқда
Маданият халқларни бирлаштирадиган, давлатлар ўртасидаги ишонч ва дўстликни мустаҳкамлайдиган энг таъсирчан воситалардан бири ҳисобланади.
Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро маданий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратаётгани мамлакатнинг ташқи маданий сиёсатида муҳим ўрин эгалламоқда. Бу борада Грузия билан ривожланаётган муносабатлар алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбековнинг Грузияга расмий ташрифи доирасида Грузия Маданият вазирлиги раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашув икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қиладиган муҳим мулоқотлардан бири бўлди.
Учрашувда кинематография соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, қўшма бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш, театр жамоаларининг ўзаро гастроль сафарларини ташкил этиш ҳамда қўшма спектаклларни саҳналаштириш каби масалалар муҳокама қилинди. Бу ташаббуслар нафақат маданий алмашинувни кенгайтиради, балки икки халқнинг тарихи, миллий қадриятлари ва урф-одатларини кенг жамоатчиликка танитишга ҳам хизмат қилади.
Музокараларда ўзбек миллий мақом санъати ҳамда грузин миллий мусиқаси иштирокида қўшма концерт дастурларини ташкил этиш, шунингдек, рақамли маданият йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди. Бугунги рақамли даврда маданий меросни замонавий технологиялар орқали тарғиб қилиш, уни ёш авлодга етказиш муҳим вазифалардан бирига айланмоқда.
Сўнгги йилларда амалга оширилган қатор маданий тадбирлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Хусусан, Тбилиси шаҳрида ўтказилган «Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари» ҳамда Тошкент шаҳрида юқори савияда ташкил этилган «Грузия маданияти кунлари» маданий дипломатиянинг самарали намунаси сифатида эътироф этилди. Бундай тадбирлар орқали халқлар бир-бирининг санъати, адабиёти, мусиқаси ва миллий анъаналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлмоқда.
Томонларнинг 2026-2030 йилларга мўлжалланган маданий ҳамкорлик дастурини имзолашга тайёр эканликлари эса ўзаро муносабатларнинг узоқ муддатли ва барқарор ривожланишидан далолат беради. Бу дастур келгуси йилларда янги ижодий лойиҳалар, фестиваллар, кўргазмалар ва маданий алмашинувларни янада кенгайтириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Расмий ташриф доирасида вазир Озодбек Назарбековнинг Грузиянинг машҳур «Эрисиони» давлат академик халқ қўшиқ ва рақс ансамбли фаолияти билан танишгани ҳам икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг амалий аҳамиятини янада оширди. 1885 йилда ташкил этилган мазкур ансамбль миллий қўшиқчилик, бетакрор хореография ва бой миллий либослари билан дунё миқёсида юксак эътироф қозонган.
Ўзбекистон ва Грузияни азалдан бой тарих, қадимий цивилизация, миллий қадриятларга ҳурмат ҳамда маданий меросни асраб-авайлашга бўлган интилиш бирлаштириб туради. Шу боис, маданият соҳасидаги ҳамкорлик нафақат икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайди, балки халқ дипломатиясини ривожлантириш, туризмни кенгайтириш ва ижодкорлар учун янги имкониятлар яратишга ҳам хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА