Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан Финляндия Республикаси Хельсинки университети ҳузуридаги Қонун устуворлиги маркази ўртасида ўзаро Англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандум икки идора ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Хусусан, меморандум доирасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик давлат хизматчилари ва жамоатчилик вакилларини коррупцияга қарши ўқитиш, шу жумладан, тренинг, семинар ва анжуманлар ташкил этиш, стажировкалар, эксперт алмашинувини йўлга қўйиш белгиланган.
Ўқув дастурлари ва ўқув-услубий қўлланмалар алмашиш ва ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилинади. Молиявий, техник кўмак жалб этган ҳолда ҳамкорлик лойиҳалари ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасида қўшма тадқиқот ва ўрганишлар олиб борилади.
Маълумот учун: Қонун устуворлиги марказининг асосий мақсади мамлакатларга қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, қонунчилик ишларини соддалаштириш ва қонун устуворлиги институтларининг функционал имкониятларини ривожлантиришга ёрдам бериш учун тавсия бериш, ўқитиш, баҳолаш ва бошқа зарур ёрдам кўрсатишдан иборат.
Н.Абдураимова,
ЎзА