Ўзбекистон ва Буюк Британия техник ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда
Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори биринчи ўринбосари Лазизбек Саидорипов Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Смарт билан учрашув ўтказди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мулоқот давомида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашувда институционал ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро тажрибаларни жорий этиш, грант ва техник кўмак дастурларини жалб қилиш, шунингдек, юқори малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар мазкур йўналишлардаги ҳамкорлик икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва техник алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Буюк Британия элчиси Тимоти Смарт Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо бериб, V Тошкент халқаро инвестиция форумининг юқори савияда ташкил этилганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, мазкур нуфузли майдон инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш ҳамда давлатлар, халқаро молиявий институтлар ва бизнес вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Музокаралар давомида Буюк Британиянинг етакчи компаниялари ва молиявий институтлари иштирок этган форум доирасида илгари сурилган ташаббуслар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, халқаро молия инфратузилмасини ривожлантириш, капитал бозорини такомиллаштириш, шунингдек, фармацевтика, сунъий интеллект ва энергетика соҳаларида технологик шерикликни кенгайтириш бўйича ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.

Томонлар давлат-хусусий шериклик механизми асосида Буюк Британиянинг Intertek Group plc компанияси билан қўшма синов лабораториясини ташкил этиш лойиҳасини жадаллаштириш масаласига ҳам алоҳида тўхталди. Шунингдек, Буюк Британиянинг маҳсулот хавфсизлиги ва стандартлар соҳасидаги ихтисослашган ташкилотлари, жумладан, Office for Product Safety and Standards, British Standards Institution ва National Physical Laboratory билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.

Шу билан бирга, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда Chevening таълим дастури доирасида соҳа учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Мазкур мулоқот Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги техник ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, халқаро стандартларни кенг жорий этиш ва миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Бу эса мамлакатнинг жаҳон бозорига интеграциялашуви ҳамда экспорт салоҳиятини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА