Ўзбекистон ва Буюк Британия инвестициявий шерикликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари-иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Буюк Британиянинг инвестициялар бўйича давлат вазири, лорд Джейсон Стоквуд бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Музокаралар чоғида икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ва молиявий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, капитал бозорларини ривожлантириш, Лондон фонд биржаси билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг халқаро капитал бозорларидаги иштирокини кенгайтириш, суверен ва корпоратив қимматли қоғозларни жойлаштириш, шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш ҳамда IPO жараёнларини давом эттириш юзасидан фикр алмашилди.
Шу билан бирга, томонлар шаҳарсозлик, ҳудудий ривожланиш ва мастер-режаларни ишлаб чиқиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқди. Буюк Британия компаниялари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар замонавий шаҳарсозлик ёндашувларини жорий этиш, барқарор инфратузилмани ривожлантириш ҳамда аҳоли учун қулай яшаш муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Қайд этилганидек, UKEF билан ҳамкорликни кенгайтириш, агентликнинг молиялаштириш имкониятларидан самарали фойдаланиш, қўшма лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнларини жадаллаштириш амалий аҳамиятга эга. Бундан ташқари, “Standard Chartered Bank” билан ҳамкорлик доирасида халқаро капитал бозорларига чиқиш, суверен облигациялар жойлаштириш, капитал бозорига оид қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этиш йўналишларидаги ҳамкорликни давом эттириш режалаштирилмоқда.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги инвестициявий, молиявий ва инфратузилмавий ҳамкорликни янада кенгайтириш, мавжуд ташаббусларни жадаллаштириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича амалий мулоқотни мунтазам давом эттиришга келишди.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА