Ўзбекистон ва Беларусь: Стратегик шериклик ва тараққиётнинг янги уфқлари
Президент ташрифидан сўнг...
Замонавий халқаро муносабатлар тизимида давлатлараро алоқаларнинг изчил ва дўстона ривожланиши нафақат шу мамлакатлар, балки кенг минтақалар барқарорлиги ҳамда иқтисодий тараққиётининг муҳим кафолати ҳисобланади. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг таклифига биноан 8-9 июль кунлари ушбу мамлакатга амалга оширган расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очган, улкан сиёсий ва иқтисодий аҳамиятга эга воқеага айланди.
Ташриф доирасида Минск шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар, авваламбор, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги юксак ишонч ва ўзаро ҳурматнинг яққол намунаси бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Александр Лукашенко тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида ўтказган сермаҳсул музокараларда сўнгги йилларда давлатларимиз ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.

Ташрифнинг энг асосий ва тарихий натижаси сифатида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларациянинг имзоланганини таъкидлаш лозим. Ўзбекистон етакчиси қайд этганидек, мазкур фундаментал ҳужжат давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда янги даврни бошлаб беради ҳамда томонларнинг кўп қиррали шерикликни узоқ муддатли ривожлантириш борасидаги қатъий интилишини расман тасдиқлайди.
Шу билан бирга, сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ва парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги якдиллик икки давлатнинг халқаро майдондаги мавқеини янада мустаҳкамлайди. Томонлар БМТ, МДҲ, ШҲТ ва Қўшилмаслик ҳаракати каби нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар. Бу эса глобал сиёсий жараёнларда Ўзбекистон ва Беларуснинг позициялари уйғунлигидан далолат беради.
Иқтисодий ва савдо-сотиқ соҳасидаги муваффақиятлар ҳам ташриф кун тартибидан кенг ўрин олди. Ўзаро савдо ҳажми барқарор суръатда ўсиб бормоқда. Сўнгги беш йилда бу кўрсаткич қарийб 3 баробар ошиб, ўтган йил якунига кўра салкам 1 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг ортда қолган даврида эса товар айирбошлаш ҳажми яна 30 фоизга кўпайган бўлиб, айни пайтда 360 та қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Саммит олдидан ва унда эришилган энг муҳим келишувлардан бири – товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ва устувор соҳалардаги янги лойиҳавий ташаббусларни қамраб олган комплекс режанинг қабул қилиниши бўлди. Бунда асосий урғу оддий савдо-сотиқдан кенг кўламли саноат кооперациясига ўтишга қаратилган. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, микроэлектроника, тўқимачилик, енгил саноат ва мебелсозлик тармоқларида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган. Яна бир стратегик келишув эса тинч атомдан фойдаланиш соҳасига тегишлидир. Ўзбекистон биринчи атом электр станцияси ва турдош инфратузилмаларни қуришда Беларусь тажрибасини қўллаш, ушбу соҳада тажриба алмашишдан манфаатдор эканини билдирди ва бу бўйича аниқ келишувга эришилди.
Мазкур ташрифнинг муваффақиятли ўтишида унга кўрилган пухта тайёргарлик муҳим омил бўлди. Ташриф арафасида Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, сиёсий маслаҳатлашувлар ҳамда таҳлилий доиралар учрашувлари ўтказилди. Айниқса, Минск шаҳрида бўлиб ўтган учинчи Ўзбекистон – Беларусь ҳудудлараро форуми иқтисодий алоқаларни пастдан юқорига принципи асосида ривожлантиришга кучли туртки берди. Форум ишида Ўзбекистондан 230 нафарга яқин тадбиркор иштирок этди ва унинг якунида савдо шартномалари ҳамда инвестиция битимларининг салмоқли тўплами имзоланди. Бу келишувлар икки мамлакат вилоятлари ва шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри иқтисодий занжирларни яратади, янги иш ўринлари очилишига ва аҳоли даромадларининг ошишига хизмат қилади.
Давлатларни нафақат иқтисодий манфаатлар, балки халқлар ўртасидаги маданий ва маънавий яқинлик ҳам жипслаштиради. Ташриф доирасида Ўзбекистон маданияти кунларининг Беларусда юқори савияда ўтказилгани бунинг яққол исботидир. Музокаралар чоғида Президент Шавкат Мирзиёев Минск шаҳрида Ўзбекистон – Беларусь дўстлиги хиёбонини барпо этиш ташаббуси учун Александр Лукашенкога алоҳида миннатдорлик билдирди. Бу хиёбон икки халқ ўртасидаги абадий дўстлик ва бирдамликнинг чинакам рамзи бўлиб қолади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу тарихий ташриф икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги – стратегик шериклик босқичига олиб чиқди. Юксак ишонч муҳитида ўтган музокаралар ва имзоланган декларация сиёсий, парламентлараро ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, Минскда барпо этиладиган дўстлик хиёбони ва ўтказилган маданият кунлари халқларимиз ўртасидаги маънавий кўприкларни янада жипслаштириб, ушбу келишувлар нафақат икки давлат, балки кенг минтақа тараққиёти ҳамда фаровонлигининг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА