Ўзбекистон – Беларусь: стратегик шерикликнинг янги иқтисодий формуласи
Таъкидлаш керакки, шерик давлатлар билан муносабатни оддий савдо доирасидан саноат кооперацияси ва қўшма ишлаб чиқариш босқичига олиб чиқиш Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатининг муҳим хусусиятига айланди. Жараён мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқасини диверсификация қилиш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш ва технологик мустақилликни кучайтиришга қаратилган ислоҳот билан бевосита боғлиқ.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига расмий ташрифи ана шу сиёсатнинг мантиқий давоми сифатида эътибор қозонди. Минскда ўтказилган олий даражадаги музокара, ҳукуматлараро учрашув ва ҳудудлар форуми икки мамлакат муносабатида навбатдаги ҳамкорликнинг янги иқтисодий модели шаклланаётганини намоён қилди. Бу ерда табиий савол туғилади. Нега Ўзбекистон учун айнан Беларусь стратегик аҳамият касб этмоқда?
2017 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмаси ҳозирги кўрсаткич билан таққослаганда бир неча баробар кам эди. Орадан саккиз йил ўтиб, 2025 йил якунига келиб ўзаро савдо ҳажми 5,3 баробар ўсиб, 965 миллион долларга етди. Шу даврда Ўзбекистон экспорти қарийб 7 баробарга ошиб, 186,5 миллион долларни ташкил қилди. Беларусь инвестицияларининг йиллик ҳажми 76,5 миллион доллардан, жами жалб қилинган сармоялар эса 170 миллион доллардан ошди.
Етакчилар музокараларида қайд этилганидек, сўнгги беш йилнинг ўзида товар айланмаси қарийб уч баробар ўсди ва жорий йилнинг биринчи ярмида яна 30 фоиз ўсиш қайд этилди. Энди томонлар олдига 2 миллиард долларлик янги марра қўйилмоқда. Бугунги ҳамкорликнинг асосини тайёр маҳсулотлар савдоси эмас, қўшма ишлаб чиқариш, саноат кооперацияси ва инвестиция лойиҳаси ташкил этмоқда. Икки давлат ҳудудида қурилган қўшма завод, маҳаллийлаштирилган ишлаб чиқариш ёки технология трансфери узоқ муддатли иқтисодий муносабатни шакллантиради.
Беларусь Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Александр Огородников ҳам бу жараённи тавсифлар экан, икки мамлакат иқтисодиёти бир-бири билан рақобат қилмасдан, аксинча, ўзаро тўлдиришини таъкидлади. Унинг фикрича, Беларусь маҳсулоти Ўзбекистон бозорида, Ўзбекистон товари эса Беларусь бозорида янги ишлаб чиқариш ва кооперация имкониятини яратади.
Нега ҳамкорлик марказида машинасозлик турибди?
Ўзбекистон ва Беларусь иқтисодий муносабатларини бошқа кўплаб икки томонлама алоқалардан ажратиб турадиган асосий хусусият шундаки, бугун ҳамкорликнинг марказида савдо эмас, саноат кооперацияси турибди.
Ўлкамиз иқтисодиётини ривожлантириш стратегиясида маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспортбоп саноатни кенгайтириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бу мақсадга эришиш учун эса тайёр маҳсулот импорт қилишнинг ўзи етарли эмас. Мамлакатга технология, муҳандислик ечимлари ва замонавий ишлаб чиқариш маданияти керак. Беларусь билан ҳамкорлик шу эҳтиёжга жавоб бераётгани билан аҳамиятли.
Буни амалга оширилаётган лойиҳалар таркибидан ҳам кўриш мумкин. Бугун икки мамлакат трактор, кабель маҳсулотлари, карьер техникаси, паррандачилик ускуналари, дори-дармон ва электротехника маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқармоқда. Бу рўйхат йил сайин кенгайиб бормоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалиги техникаси соҳасидаги кооперация икки давлат муносабатларининг ўзига хос моделига айланди. Ўзбекистонда Беларусь тракторини йиғиш йўлга қўйилди, энди эса уларни маҳаллийлаштириш босқичи бошланмоқда. Биринчи босқичда асосий қиймат импорт қилинадиган бутловчи қисмларда сақланиб қолса, маҳаллийлаштириш маҳаллий саноатни, кооперация занжирини ва муҳандислик салоҳиятини ривожлантиради. Бу эса мамлакат ичида янги ишлаб чиқариш қувватлари, малакали кадр ва қўшимча қиймат шаклланишини англатади.
А.Огородников ҳам муносабатларнинг айнан шу жиҳатига урғу беради. Унинг таъкидлашича, икки мамлакат раҳбарлари технологик суверенитетни мустаҳкамлаш вазифасини устувор йўналиш сифатида белгилаган. Шу боис ҳамкорликнинг асосий қисми технологиялар ва қўшма ишлаб чиқаришга қаратилмоқда. Дунё иқтисодиётида технологияга эгалик рақобатбардошликнинг асосий омилларидан бирига айланди. Замонавий технологияларни сотиб олиш мумкин, аммо уларни ишлаб чиқариш занжирига интеграция қилиш, маҳаллий муҳандислик мактабини шакллантириш ва миллий кадрлар тайёрлаш узоқ муддатли ҳамкорликни талаб қилади.
Ҳамкорликнинг янги драйвери
Мамлакатларимиз муносабатларида кузатилаётган яна бир муҳим тенденция иқтисодий ҳамкорликнинг марказдан ҳудудларга силжишидир. Ўзгариш икки мамлакат иқтисодий муносабатининг бутун фалсафаси ўзгараётганидан далолат беради. Йирик инвестиция битимлари давлат раҳбарлари даражасида имзоланади, уларнинг ҳақиқий натижаси эса ҳудудларда намоён бўлади. Янги завод қурилади, ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, янги иш ўринлари яратилади, маҳаллий корхоналар халқаро кооперация занжирига қўшилади.
Шу боис ҳам Президент Ш.Мирзиёевнинг Минскка ташрифи доирасида ўтказилган III Ўзбекистон – Беларусь ҳудудлари форуми расмий тадбир эмас, балки иқтисодий кун тартибининг асосий қисмига айланди. Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида 14 та ҳамкорлик ҳужжати имзоланди, 2026–2027 йилларга мўлжалланган ўзаро ташрифлар жадвали тасдиқланди ҳамда умумий қиймати 164 миллион долларлик еттита инвестиция лойиҳасига старт берилди.
Янги лойиҳаларнинг деярли барчаси қайта ишлаш саноатига қаратилган. Андижонда трикотаж матосини бўяш ва қуритиш бўйича ишлаб чиқариш мажмуаси ташкил этилмоқда. Тошкент вилоятида паррандачилик кластери, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва шок усулида музлатиш комплекси барпо этилмоқда. Фарғона вилоятида эса меваларни чуқур қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Беларусь элчиси Александр Огородников ҳам айнан шу омилга эътибор қаратади. Унинг таъкидлашича, келгусида асосий эътибор пойтахтлар даражасидаги муносабатларга эмас, ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри шерикликни ривожлантиришга қаратилади. Чунки маҳаллий бизнес иқтисодий ҳамкорликнинг энг фаол иштирокчисига айланмоқда. Бугун Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокидаги корхоналар сони 250 тадан ошган. Улар мамлакатнинг турли ҳудудларида фаолият юритмоқда. Шу тариқа икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик марказлашган моделдан босқичма-босқич ҳудудий кооперация моделига ўтмоқда.
Аграр соҳадаги ҳамкорлик
Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида гап кетганда кўпинча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси тилга олинади. Расмий маълумотга кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида Беларусдан Ўзбекистонга гўшт маҳсулоти етказиб бериш ҳажми 23,8 фоиз, колбаса ва тайёр гўшт маҳсулоти экспорти қарийб 2,5 баробар ошди. Шунингдек, сут маҳсулотлари импорти ҳам сезиларли ўсишни намоён қилди.
Минскда бўлиб ўтган “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат” сессиясида томонлар маҳсулот савдосини кенгайтириш билан чекланиб қолмасдан, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, аграр илм-фан соҳасида ҳамкорлик қилиш ва замонавий технологияларни жорий этишни устувор вазифа сифатида белгилади.
Президентлар учрашувида ва соҳавий музокарада 2030 йилгача озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш вазифаси белгиланган. Таҳлилчиларга кўра, бу мақсадни фақат экспорт ёки импорт ҳажмини кўпайтириш орқали амалга ошириш қийин. У барқарор ишлаб чиқариш кооперацияси, янги қайта ишлаш қувватлари ва самарали логистика тизимига таяниши лозим.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА