Ўзбекистон ва Беларусь бизнес-форуми ўтказилди
Ўзбекистон ва Беларусь ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида ўтган мазкур тадбир икки мамлакат ўртасидаги анъанавий дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтиришга қаратилган муҳим платформага айланди.

Форум давомида икки томонлама савдо муносабатларининг ижобий динамикаси алоҳида таъкидланди. Жумладан, 2025 йил якунларига кўра ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 965 миллион долларни ташкил этгани қайд этилди. Томонлар яқин истиқболда ушбу кўрсаткични 1 миллиард доллардан оширишни устувор вазифа сифатида белгилаб олди.
Хабар берилишича, Ўзбекистон томонидан текстиль, металл ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти барқарор ўсишни намоён этмоқда. Беларусь эса гўшт-сут маҳсулотлари, фармацевтика ва саноат ускуналари етказиб бериш ҳажмини изчил ошириб бормоқда.

Форумда Ўзбекистоннинг озиқ-овқат, қурилиш, мебель ва тўқимачилик соҳаларида фаолият юритаётган 50 га яқин етакчи тадбиркорлари иштирок этди. Беларусь делегацияси таркибидаги йирик саноат корхоналари ўзларининг экспорт салоҳияти ва инвестициявий имкониятларини тақдим этди.

Томонлар ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва янги бозорларга чиқиш имкониятларини атрофлича муҳокама қилди.
Тадбир доирасида Гомель вилояти ҳамда Тошкент вилояти Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, шунингдек, гўшт-сут маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва ёғоч маҳсулотларини етказиб бериш бўйича тижорат шартномалари имзоланди.
Б.Худойбердиев, ЎзА