Кейинги йилларда Ўзбекистон – Беларусь ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда. Жумладан, машинасозлик, электротехника, фармацевтика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, бир қатор келишувларга эришиш мақсадида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов айни пайтда юртимизда бўлиб турган Беларусь Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири Бартош Сергей Иванович бошчилигидаги делегация аъзоларини қабул қилди.
Учрашув давомида ўзаро етказиб бериладиган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари турларини кенгайтириш, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачилик ва ветеринария, қишлоқ хўжалиги фанлари соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги босқичлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Беларусь делегацияси Тошкент давлат аграр университети фаолияти билан ҳам танишди. Дастлаб меҳмонлар университет докторантлари, илмий ходимлари ҳамда иқтидорли талабаларининг ишланмалари, кашфиётлари акс этган кўргазма билан танишди. Беларусь делегацияси вакиллари университет илмий ходимлари томонидан яратилган лимон, голубика, еживиканинг янги навларига қизиқиш билдирди.
Шунингдек, делегация аъзолари университетнинг Озиқ-овқат маҳсулотларини микробиологик таҳлил қилиш лабораторияси билан танишди. Университет талабаларининг амалий дарс вақтида мевалардан шарбат ажратиб олиш ва қуритиш жараёнларини амалга ошириши меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
М.Комилова,
ЎзА