Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида геология соҳасида ҳамкорлик ривожланмоқда
Мамлакатимизда геология ва тоғ-кон соҳаларини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда соҳа учун малакали кадрлар тайёрлашда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов ҳамда АҚШнинг Юта университети Глобал алоқалар бўйича проректори ҳамда университетнинг Халқаро ишлар бўйича катта ходими Рэнди МакКриллис бошчилигидаги делегация ўртасида ўтказилган учрашувда шу ҳақда сўз юритилди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида геология ва тоғ-кон соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш, мутахассислар малакасини ошириш ва замонавий технологик йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларига эътибор қаратилди.
Томонлар таълим ва илм-фан йўналишларидаги алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди. Юта университети вакиллари геология ва тоғ-кон соҳалари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, шунингдек, илмий-тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди.
Учрашувда соҳалар учун кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва замонавий технологиялар бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга доир масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА