Ўзбекистон ва Афғонистон аграр соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди
Қишлоқ хўжалиги нафақат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, балки давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда ҳам муҳим ўрин тутади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида аграр соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш масалалари долзарб аҳамият касб этмоқда.
Тошкентда Халқаро пахта кунига бағишланган халқаро конференция ҳамда Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва Барқарор ривожланиш мақсадларига бағишланган Глобал техник форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича вакили - Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича бош музокарачиси, Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раиси Азизбек Урунов Афғонистон Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири Атоуллоҳ Умарий билан учрашди.

Мулоқотда икки мамлакат ўртасида ташқи савдо ва аграр соҳадаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини кўпайтириш, инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда илғор тажриба ва замонавий технологиялар алмашинувини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, чорвачиликни ривожлантириш, гўшт ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлаш соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш, икки мамлакатнинг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича фикр алмашилди.
Аграр маҳсулотлар экспорти ва импортини кенгайтириш, чорвачилик тармоғига замонавий технологияларни жорий этиш, тажриба алмашиш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида қайд этилди.
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида аграр алоқаларнинг кенгайиши нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини ошириш, балки озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ва икки мамлакат тадбиркорлари учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Бу борада ўзаро савдо ҳажмини ошириш билан бир қаторда, маҳсулотларни қайта ишлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш келгусидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиши мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА