Афғонистон қишлоқ хўжалиги масъуллари Самарқандда
Юртимизда меҳмон бўлиб турган Афғонистон қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири ўринбосари Садр Азам Усмоний бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди.
Меҳмонлар дастлаб вилоят ҳокими Адиз Бобоев билан учрашиб, аграр соҳадаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.
А.Бобоев Самарқанд вилоятининг қишлоқ хўжалик салоҳияти, мавжуд имкониятлар ва амалга оширилиши режалаштирилган йирик лойиҳалар ҳақида маълумот бериб, Афғонистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
– Жорий йилнинг ўн ойида Самарқанд вилоятидан Афғонистонга маҳсулот экспорти ҳажми 92 миллион АҚШ долларини ташкил қилмоқда, – деди вилоят ҳокими. – Бунда асосан қурилиш материалларининг салмоғи юқори, лекин бугунги ташрифингиз туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, уларни қайта ишлаш соҳасида истиқболли лойиҳалар бўйича келишувлар амалга оширилса, бу рақамлар янада йириклашади. Биз Афғонистонга ташриф борасида амалий ишларни олиб бормоқдамиз. Шунинг учун у ердаги талаб юқори соҳаларни ўрганяпмиз. Жумладан, паррандачилик йўналишида биз ўз маҳсулотларимиз ва қўшма лойиҳаларни таклиф қилмоқчимиз.
Афғонистон қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири ўринбосари Садр Азам Усмоний Самарқанд вилояти ҳокимининг таклифларини қўллаб-қувватлашини билдириб, ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш икки томон учун ҳам манфаатли бўлишини таъкидлади.
– Самарқанд тарихийлиги билан бирга, иқтисодий салоҳияти орқали ҳам дунё эътиборидаги ҳудудлардан бири ҳисобланади, – деди Садр Азам Усмоний. – Шу боис, биз ҳам бу муқаддас замин билан ҳамкорликни ривожлантиришни истаймиз. Биз юртимизда барча соҳаларда хорижлик ҳамкорлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатишга ҳаракат қилмоқдамиз. Бу жараёнда яқин қўшни давлатлар алоҳида эътиборга олинган. Шунинг учун ташрифимиз давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, чорвачиликни ривожлантириш, саноат соҳасидаги истиқболли келишувларни амалга оширишни мақсад қилганмиз. Шу боис, бизга қишлоқ хўжалигидаги инновацион лойиҳалар, сутни қайта ишлаш, саноат корхоналари фаолияти билан танишиш муҳим. Шу асосда келгуси ҳамкорлик йўналишларини белгилаб оламиз. Ва, албатта, сиз ва ҳудуддаги тадбиркорларни Афғонистонга таклиф қиламан.
Учрашув давомида томонлар ўзларини қизиқтирган йўналишлар бўйича ҳамкорлик истиқболлари ҳақида батафсил фикр алмашдилар.
Делегация аъзолари ислом оламида алоҳида ўрин тутувчи Имом Бухорий мажмуаси ҳамда Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳларида бўлиб, ушбу масканлар тарихи,бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.
[gallery-32465]
– Самарқандга биринчи бор келишим, – дейди чорвачилик ва ҳайвонлар саломатлиги бошқармаси бош директори Закируллоҳ Закир. – Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиш насиб этганидан хурсандман. Бебаҳо исломий ва тарихий мерос бўлган бу улуғ маскан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жуда гўзал ва обод жойга айлантирилибди. Турли мамлакатлардан одамлар бу ерга келиб, зиёрат қилишаётганига гувоҳ бўлдик. Бу Имом Бухорийнинг бутун дунёга машҳур диний уламо эканлигини яна бир бор тасдиқлайди. Буюк муҳаддиснинг китоблари дунё бўйлаб мадрасаларда, университетларда ўқитилади, биз ҳам ўқиганмиз. Ташрифимиз улуғ масканлар зиёратидан бошланди. Бу келгусидаги ҳамкорлик алоқаларимизнинг ривожланишига, дўстлигимиз мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Ташриф давомида меҳмонлар Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида бўлиб, картошкачилик йўналишидаги инновацион лойиҳалар, хурмо мевасини қайта ишлаш жараёнлари билан яқиндан танишди.

Афғонистон делегацияси эртага Самарқанддаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари, фермер хўжаликлари фаолияти билан танишиши режалаштирилган.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари