Ўзбекистон-Туркия: кўмир конларини ўзлаштиришда ҳамкорлик мустаҳкамланади
Тоғ-кон саноати мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири бўлиб, уни ривожлантиришда замонавий технологияларни жорий этиш, ер ости бойликларини самарали ўзлаштириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш алоҳида аҳамият касб этади.
Шу боис халқаро компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш, истиқболли конларни аниқлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган ташаббуслар изчил давом этмоқда.
Шу йўналишда 2026 йил Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги раҳбарияти Туркиянинг "Cengiz Holding" компаниясининг Ўзбекистондаги минтақавий раҳбари, "CENERGO" МЧЖ бош директори Жанер Карабай билан мулоқот ўтказди.
Унда томонлар мамлакатимизнинг минерал-хомашё салоҳиятини рўёбга чиқариш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди.
Музокараларда мамлакат ҳудудларидаги истиқболли майдонларни геологик жиҳатдан ўрганиш, уларни ўзлаштиришга тайёрлаш, шунингдек, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида жойлашган кўмир конларини қидириш ҳамда қазиб олиш борасидаги ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди. Мазкур йўналишларда хорижий инвесторларнинг иштирокини кенгайтириш янги лойиҳаларни ривожлантириш учун муҳим имкониятлар яратиши мумкин.
Учрашув давомида инвесторларга соҳадаги ҳуқуқий асослар ва мавжуд имкониятлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, янги таҳрирдаги "Ер қаъридан фойдаланиш тўғрисида"ги қонун талаблари, тадбиркорлар ва инвесторлар учун белгиланган шартлар, шунингдек, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини электрон "e-auksion" орқали олиш тартиби тушунтирилди. Бунда жараёнларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган механизмлар алоҳида таъкидланди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, бундай учрашувлар тоғ-кон саноатида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инвестициявий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва мамлакатнинг табиий ресурсларидан самарали фойдаланишда муҳим аҳамиятга эга.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА