Ўзбекистон-Туркия: геология ва тоғ-кон соҳасида ҳамкорлик кенгаймоқда
Мамлакатимизда тоғ-кон саноати ва геология соҳасини ривожлантириш, минерал-хомашё базасидан самарали фойдаланиш, янги конларни ўзлаштириш ҳамда тармоққа хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Мазкур йўналишда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий компаниялар билан ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов Туркиянинг тоғ-кон саноатида фаолият юритувчи “ESAN” компанияси ҳамда кўп тармоқли “Eksim Holding” компанияси делегациялари билан учрашувлар ўтказди.
“ESAN” компанияси билан бўлиб ўтган мулоқотда "ОКМК" АЖ иштирокида ташкил этилган "New Uzbekistan Mining" корхонаси доирасида амалга оширилаётган қўшма лойиҳанинг жорий ҳолати, унинг кейинги босқичларини самарали ташкил этиш ва белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш масалалари муҳокама қилинди.

“Eksim Holding” делегацияси билан учрашувда эса Ўзбекистон ва Туркия ўртасида тоғ-кон саноати ва геология соҳасидаги ҳамкорликни янги йўналишларда ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Хусусан, истиқболли конларни ўзлаштириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, ишлаб чиқариш жараёнларига илғор технологияларни жорий қилиш ҳамда ўзаро манфаатли инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Учрашувлар давомида томонлар мавжуд ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги истиқболли лойиҳаларни шакллантириш ва уларни амалга ошириш бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди.
Музокаралар якунида белгиланган йўналишлар бўйича ҳамкорликни изчил давом эттириш ва келишилган вазифалар ижросини таъминлашга келишиб олинди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА