Ҳар бир янги корхона янги имконият, инвестиция эса иқтисодий тараққиётга хизмат қилади
Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида саноатни ривожлантириш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш, хорижий сармояларни жалб қилиш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш иқтисодий тараққиётнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда жаҳон бозорида рақобат тобора кучайиб бораётган бир шароитда ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, мавжуд хомашё ва табиий ресурсларни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада Навбаҳор туманида ҳам саноатни янги босқичга олиб чиқиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва экспорт географиясини диверсификация қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хорижий инвестициялар саноат тараққиётининг муҳим омили ҳисобланади. 2026 йилнинг январь-октябрь ойларида туманда 7 та корхона томонидан жами 124,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ўзлаштирилди. Жумладан, саноат йўналишидаги 6 та корхонага 113,6 миллион доллар, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги 1 та корхонага эса 10,8 миллион доллар тўғри келади.
Айниқса, ишлаб чиқаришнинг янги йўналишларини ўзлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга. “Jinfeng Salar International Commerce” хорижий корхонаси томонидан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида 42,3 миллион доллар, “Bao Long Xalqaro” хорижий корхонаси томонидан балиқ учун ем маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида эса 41 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилди.

Мазкур лойиҳалар туманда саноат ишлаб чиқаришининг тармоқ таркибини кенгайтириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини шакллантириш ва маҳаллий иқтисодиётга замонавий технологияларни олиб киришда муҳим ўрин тутади.
Йил якунига қадар хорижий инвестициялар ҳажмини 150 миллион долларга етказиш кўзда тутилган. Бунда “НБК 111” МЧЖ томонидан “Пирали” олтин истиқболли майдонида геология-қидирув ишларини олиб бориш лойиҳаси доирасида қўшимча 22 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилган.
2027 йилда туманда жами 191 миллион доллар миқдоридаги хорижий инвестицияларни ўзлаштириш вазифаси белгиланган. Хусусан, “TIANÇENG ŞALE” МЧЖ томонидан 20 миллион долларлик, юқори технологияли, оловбардош плиталар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. “NAVBAHOR JIAJIA CLUSTER” МЧЖ томонидан эса 20 миллион долларлик лойиҳа доирасида 2 минг гектар ер майдонида Хитойнинг Шинжон тажрибаси асосида пахта етиштириш ишлари йўлга қўйилади.

Шунингдек, “AGROHIM NAVOI” МЧЖ томонидан йиллик ишлаб чиқариш қуввати 20 минг тонна бўлган минерал ўғитлар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиши кўзда тутилган. Қиймати 10 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа доирасида 12 та янги иш ўрни яратилади.
Бу каби ташаббуслар нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки саноат тармоқларида замонавий технологик ечимлардан фойдаланиш, ресурслар тежамкорлигини таъминлаш ва меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади.
2026 йилнинг январь-октябрь ойларида 12 та экспортчи корхона томонидан жами 17 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Шундан 14 миллион доллари саноат маҳсулотлари, 3 миллион доллари мева-сабзавот маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади. Экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 185 фоизга ошди.

2026 йилнинг 10 ойида 24,4 миллион долларлик 43 та ҳудудий инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 479 та янги иш ўрни яратилди. Йил якунига қадар бу кўрсаткичларни 52 та лойиҳа ва 864 та иш ўрнига етказиш режалаштирилган. 2027 йилда эса 144 миллион долларлик 70 та лойиҳани амалга ошириш ҳамда 1 080 та янги иш ўрни яратиш вазифаси белгиланган.
Асосий мақсадимиз – туманимизни замонавий ишлаб чиқариш, юқори технологиялар ва экспортга йўналтирилган саноат лойиҳалари ривожланган ҳудудга айлантириш. Зеро, ҳар бир янги корхона – янги имконият, ҳар бир инвестиция – иқтисодий тараққиёт, ҳар бир экспорт шартномаси эса ҳудуд салоҳиятининг халқаро майдондаги эътирофидир.
Алишер Рашидов, Навбаҳор тумани ҳокими