Картошка етиштириш бўйича йирик лойиҳа
Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш, маҳсулот етиштириш ҳажми ва экспорт салоҳиятини ошириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари томонидан аграр соҳани модернизация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва тармоққа хорижий инвестицияларни жалб этишга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳам бу борада янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Бухоро вилоятида ҳам ушбу йўналишдаги ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бормоқда. Хусусан, вилоят ҳокими Ботир Зарипов покистонлик тадбиркорлар билан учрашиб, ҳудудда картошка етиштириш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Мулоқот давомида хорижий инвесторлар томонидан Бухорода картошкачиликни ривожлантириш, мазкур йўналишга замонавий технологиялар ва илғор тажрибаларни олиб кириш таклифи билдирилди.
Учрашувда лойиҳани амалга ошириш учун ер майдонлари ажратиш, экиш ишларини ташкил этиш, зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яратиш, шунингдек, етиштирилган ҳосилни сақлаш ва бозорга етказиб бериш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Вилоят ҳокими ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги борасидаги имкониятлари, мавжуд ер ва сув ресурслари, аграр тармоқда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Айниқса, сувни тежовчи технологияларни жорий этиш, ер унумдорлигини ошириш, ҳосилдорликни кўпайтириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда илмий ёндашувни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Зеро, замонавий картошкачилик фақат уруғлик экиш ва ҳосил олиш билан чекланмайди. У сифатли уруғлик танлаш, тупроқ-иқлим шароитига мос агротехник тадбирларни қўллаш, сувдан оқилона фойдаланиш, ҳосилни саралаш, сақлаш ва сотишгача бўлган яхлит жараённи қамраб олади. Шу боис покистонлик инвесторлар ташаббусини амалий натижага айлантиришда ана шу омилларнинг барчасини ҳисобга олиш муҳим аҳамият касб этади.

Ўз навбатида, тадбиркорлар лойиҳани амалга оширишга қизиқиш билдириб, унинг ташкилий жиҳатлари, зарур ер майдонлари ва бошқа шарт-шароитларни таъминлаш юзасидан ўз таклифларини баён этдилар.
Учрашув якунида ташаббусни атрофлича ўрганиш, ажратилиши мумкин бўлган ер майдонларининг тупроқ-иқлим ва сув таъминоти имкониятларини баҳолаш, иқтисодий ҳисоб-китобларни ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда кейинги амалий чораларни кўришга келишиб олинди.
Мазкур лойиҳа истиқболда Бухоро вилоятида картошка етиштириш ҳажмини ошириш, аграр тармоққа хорижий сармоя ва замонавий технологияларни жалб этиш, маҳсулотни сақлаш ва сотиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилиши мумкин. Энг муҳими, бундай ҳамкорлик қишлоқ хўжалигида янги ишлаб чиқариш имкониятларини яратиш, ҳудуднинг озиқ-овқат таъминоти ва экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш учун замин ҳозирлайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири