Ўзбекистон – Туркия: битирувчиларга диплом топширилди
Бухоро давлат тиббиёт институти – Туркия факультети битирувчиларига тантанали диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда битирувчилар, устозлар, ота-оналар ва меҳмонлар қувонч ва ҳаяжонга тўла лаҳзаларни биргаликда ҳис қилди. Йиллар давомида орттирилган билим ва тажрибалар ўз самарасини бераётган ушбу муҳим он ёшлар учун янги марралар сари қўйилган дадил қадам бўлиб хизмат қилди.
Тадбирда Туркия парламенти вакиллари билан бирга вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуритдинжон Исмоилов, Соғлиқ билимлари университети ректори, профессор Кемалиттин Айдин битирувчиларга самимий тилаклар билдирди.
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети ҳамкорлигида Туркия тиббиёт факультети ташкил этилганди. Факультетнинг таъсис этилиши 2018 йил 22 ноябрда имзоланган англашув меморандуми ва 2019 йил 16 октябрда расмийлаштирилган шартнома билан ҳуқуқий асосга эга бўлди.
[gallery-26562]
Шундан сўнг, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб факультетга тўрт йўналиш – даволаш иши, олий ҳамширалик иши (анестезиология), шошилинч тиббий ёрдам ва физиотерапия бўйича ўқув жараёни йўлга қўйилди. Бугунги кунда Туркия тиббиёт факультети 593 нафар талабани қамраб олган бўлиб, уларнинг 368 нафари даволаш иши йўналишида таҳсил олмоқда. Факультет имкониятларининг янада кенгайиш натижасида 2025-2026 ўқув йилида янги “Стоматология” йўналиши очилди.
Бугунги кунгача факультетни олий ҳамширалик иши йўналишини 235 нафар, даволаш иши йўналишини 68 нафар битирувчи тугатган бўлиб, уларнинг барчаси ҳозирда ўз иш ўрнига эга. Факультетга алоҳида бино ажратилган бўлиб, ўқув машғулотлари ушбу бино, институт кафедралари ва клиник базаларда олиб борилади.
Амалий дарслар замонавий мультимедиа технологиялари, макро ва микропрепаратлардан фойдаланган ҳолда ташкил этилиб, ҳар бир машғулот интерактив усулларда талабаларнинг фаол иштироки билан ўтказилади. Даволаш иши йўналиши талабалари 6-курсда Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети клиникаларида таҳсил олади.
Ушбу натижалар лойиҳанинг амалий самарадорлигини яна бир бор тасдиқлаб, Бухоро вилоятида малакали тиббиёт кадрларини тайёрлашни янги босқичга олиб чиқмоқда. Шу тариқа, Туркия тиббиёт факультети фаолияти Ўзбекистон – Туркия таълим ва тиббиёт ҳамкорлигининг мустаҳкам амалий ифодаси сифатида хизмат қилмоқда.
2025 йилда 68 нафар талаба даволаш иши йўналиши бўйича, 62 нафар талаба олий ҳамширалик иши йўналиши бўйича ўқишни муваффақиятли якунлади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.